Logo

Россиянинг Санкт-Петербург ва Калининград шаҳарлардаги ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди

Март 02, 2026. 14:55 • 2 дақ

278
Россиянинг Санкт-Петербург ва Калининград шаҳарлардаги ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 3 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вакиллари Россиянинг Ленинград ва Калининград вилоятларида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда дипломатлар миграция қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар, консуллик-ҳуқуқий ёрдам олиш тартиби ҳамда маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш зарурлиги ҳақида атрофлича маълумот берди.

Учрашувда иштирок этган Наманган вилояти “Обид қори” масжиди имом-хатиби Илёсхон Собитов ватандошларимизга ислом динининг инсонпарварлик моҳияти ва миллий қадриятларимиз ҳақида сўз юритди. Диний маълумотларни фақат расмий манбалардан олиш, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик бўйича муҳим тавсиялар берилди.

Шу куннинг ўзида бош консул Абдурахмон Маҳмудовнинг Калининград шаҳрига амалий ташрифи доирасида ватандошларимиз учун ифторлик дастурхони ҳам ёзилди. “Нур” масжиди имоми Аслам Хидиров ва бир гуруҳ ҳамюртларимиз иштирок этган тадбирда муқаддас Рамазон ойининг файзи, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик мавзуларида диний-маърифий суҳбат ўтказилди.

Бош консул ўз нутқида давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан дунёнинг турли нуқталаридаги ватандошлар билан учрашувлар ўтказилаётгани, инсон қадрини улуғлаш тамойили чегара билмаслигини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида, юртдошларимиз мусофир юртда кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш