АҚШдан Ўзбекистондаги HUMO ва UZCARD карталарига тўғридан-тўғри пул ўтказиш имкони яратилди
Август 26, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 176
ВАШИНГТОН, 26 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида АҚШда ватандошларга HUMO ва UZCARD банк карталарига тўғридан-тўғри пул ўтказиш имконини берувчи янги рақамли сервис ишга туширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Янги хизмат Қўшма Штатлардаги кўп минг кишилик ўзбек диаспораси учун мамлакатимизнинг қутлуғ байрамига ўзига хос совға бўлди. Сервис асли ўзбекистонлик тадбиркорлар Хусрав Маҳмудов ва Акмал Абдуллаев томонидан Нью-Йоркда яратилган uPay.net финтех платформаси асосида жорий этилди.
Лойиҳа, аввало, хорижда яшаб, меҳнат қилаётган ҳамда Ўзбекистондаги оиласи билан доимий алоқада бўлиб келаётган ҳамюртларимизга мўлжалланган.
Шу вақтга қадар uPay.net фойдаланувчилари АҚШдан туриб Ўзбекистондаги мобил алоқа, интернет, коммунал ва бошқа кундалик хизматлар учун масофадан тўловларни амалга оширишлари мумкин эди. Эндиликда платформа имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилди – фойдаланувчилар АҚШдан HUMO ва UZCARD миллий тўлов тизимлари карталарига тўғридан-тўғри пул ўтказмаларини юбориш имкониятига эга бўлди.
Барча операциялар рақамли форматда амалга оширилади. Компания вакилларининг маълум қилишича, янги хизматни ишлаб чиқиш ва жорий этиш жараёнида АҚШ ва Ўзбекистоннинг молиявий тартибга солиш талабларига риоя этиш, транзакциялар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фойдаланувчилар учун қулайлик яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Пул ўтказмаларини амалга ошириш учун зарур банк, технологик ва комплаенс инфратузилмаси шакллантирилган.
Лойиҳани ривожлантириш жараёнида унинг ташаббускорлари Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ва ватандошлар ташкилотлари билан ҳам алоқа ўрнатди. Мулоқотлар давомида ўзбек диаспорасининг эҳтиёжлари, шунингдек, талаб юқори бўлган рақамли сервисларни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
АҚШдан пул ўтказмаларининг йўлга қўйилиши лойиҳани янада ривожлантиришнинг биринчи босқичи сифатида қаралмоқда. Келгусида пул ўтказмалари географиясини кенгайтириш, янги молиявий воситаларни жорий қилиш ҳамда хорижда яшовчи ўзбекистонликлар ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари вакиллари учун хизматларни янада такомиллаштириш режалаштирилган.
Ташаббуснинг айнан Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланаётган кунларда ишга туширилиши унга алоҳида рамзий маъно бағишлайди. АҚШдаги ватандошларимиз томонидан яратилган ушбу рақамли сервис ўзбек диаспорасининг Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлашнинг яна бир амалий воситасига айланиб, Ўзбекистондаги яқинларини тез, қулай ва замонавий усулда қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси