Logo

Ўзбекистон делегацияси Қоҳира сув ҳафталиги тадбирларида иштирок этди

Октябрь 18, 2025. 14:06 • 2 дақ

65
Ўзбекистон делегацияси Қоҳира сув ҳафталиги тадбирларида иштирок этди

ҚОҲИРА, 18 октябрь. /"Дунё" АА/. Миср пойтахтида Қоҳира сув ҳафталиги ва сув ресурсларини ривожлантириш ҳамда бошқариш бўйича Исломий ҳамкорлик тармоғининг 38-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман "Иқлим ва сув барқарорлиги учун инновацион ечимлар" шиори остида ўтказилиб, унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан вазирлар, мутахассислар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.

Қоҳира сув ҳафталиги сув ресурсларини бошқариш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги энг нуфузли халқаро майдонлардан бири бўлиб, бу йилги анжуман минтақавий ва глобал сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли муҳокамаларни ўз ичига олди.

Тадбир давомида сув хўжалиги ва ирригация соҳасидаги замонавий технологияларга бағишланган кўргазма ҳам бўлиб ўтди. Унда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларининг янги турлари, автоматлаштирилган ҳисоблагичлар ва сенсорли бошқарув ускуналари намойиш этилди.

Ўзбекистон ва Миср делегациялари ўртасида ўтказилган учрашувларда икки мамлакат сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, учрашувларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар – Сув кодексининг қабул қилиниши, 2025-2028 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш дастури, 2,5 минг километрдан ортиқ ирригация тармоқларини реконструкция қилиш ва 1,4 миллион гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш каби устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, Жаҳон сув кенгаши президенти Луи Фошон, Сув ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича Исломий ҳамкорлик тармоғи ижроия директори доктор Марван аль-Раггад ва Миср Сув ресурслари ва суғориш вазири доктор Ҳани Сувайлам билан музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувларда трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, рақамли технологиялар ва инновацион ечимларни жорий этиш, қўшма пилот лойиҳаларни амалга ошириш ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига кенг урғу берилди.

Миср сув хўжалиги ва мелиорация вазирлиги ҳузуридаги Нил сув тадқиқотлари илмий маркази директори Ҳусам Серсави кечган мулоқотда сувдан мақсадли фойдаланиш ва самарали бошқариш чораларини ишлаб чиқиш, инновацион молиявий механизмларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар Нил маркази ва Ўзбекистон Сув хўжалиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма тадқиқот ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш