Ўзбекистон делегацияси Дубайда ўтказилган халқаро озиқ-овқат кўргазмасида иштирок этди
Март 04, 2024. 11:49 • 2 дақ
• 83
АБУ-ДАБИ, 4 март. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган "Gulfood" халқаро озиқ-овқат кўргазмасида иштироки ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Делегация аъзолари кўргазма доирасида бўлиб ўтган "Технологик инновациялар ва ҳамкорлик орқали озиқ-овқат хавфсизлигини ривожлантириш" мавзусидаги давра суҳбатига қатнашди.
Анжуманда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги салоҳияти, мавжуд имкониятлар, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу жабҳада билим ва инновацияларни жорий этиш тўғрисида батафсил тақдимот ўтказилди.
Сафар давомида вазир Иброҳим Абдураҳмонов БАА иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазири Амна Ал Даҳак билан учрашди.
Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий таълим муассасалари ўртасида билим ва инновациялар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро савдо айланмасини янада ошириш, ўсимликлар карантини ва фитосанитарияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг (ICBA) «Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш» грант лойиҳасини кенгайтиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари "Abu Dhabi Developmental Holding Company" (ADQ) компанияси таркибига кирувчи "Silal" компанияси директори Салман Ал-Амери билан музокаралар ўтказди.
Хорижий компания раҳбарига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистонда мавжуд иссиқхоналардан фойдаланишни йўлга қўйиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Учрашув натижасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд имкониятлар, маркетинг таҳлиллари ва истиқболли йўналишларни белгилаш мақсадида жорий йил апрель ойи якунига қадар мазкур компания мутахассисларидан иборат делегациянинг юртимизга сафарини уюштириш тўғрисида келишиб олинди.
Ўзбекистон томонининг "Ghitha Group" компанияси директори Исса Хоори билан кечган мулоқоти чоғида мазкур хорижий корхона ҳозирги кунда Ўзбекистондан бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилаётгани маълум қилинди.
Компания раҳбарияти мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш, паррандачиликни ташкил этиш, сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чорва озуқасини ишлаб чиқариш ҳамда мавжуд иссиқхоналарда помидор маҳсулотини етиштириш ва БААга экспортини йўлга қўйиш юзасидан қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ шакллантиришга ҳамда жорий йил апрель ойи якунига қадар компания мутахассисларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишилди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон делегацияси кўргазмада иштироки доирасида бошқа бир қатор хорижий компаниялар раҳбар ва вакиллари билан ҳам самарали музокаралар ўтказди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди