Ўзбекистон элчиси Корея иқлим ўзгариши институти раҳбари билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди
Сентябрь 19, 2024. 17:28 • 2 дақ
• 384
СЕУЛ, 19 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов Корея иқлим ўзгариши институти (KICC) раҳбари Шин Ёнг Вон билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида KICC иштирокида Жанубий Корея ҳукуматининг грант маблағлари эвазига Ўзбекистонда амалга оширилаётган энергия самарадорликка қаратилган лойиҳалар ва иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришни таъминлаш бўйича истиқболли лойиҳалар юзасидан маълумот алмашилди.
Жумладан, Жанубий Кореянинг Тошкент шаҳридаги Аджу университети қошида ташкил этилган Энергетика соҳасида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш марказида уч даражада ўқув-семинар курслари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида қизилмия маҳсулотидан пеллет ишлаб чиқариш ва унда ишловчи ко-генерация қурилмаларини ўрнатиш лойиҳаси ишга туширилган бўлиб, мазкур ёқилғи маҳсулоти табиий газ, кўмир каби иссиқлик манбалари ўрнини босишга қаратилган. Ушбу ко-генерация қурилмаларининг қувватларини икки карра ошириш кўзда тутилган.
Фарғона вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан (пахта пояси) пеллет ишлаб чиқариш ҳамда пеллетда ишловчи электр ва иссиқлик энергияси ҳамда буғ ишлаб чиқарувчи ко-генерация қурилмаларини барпо этиш лойиҳасининг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилиши якунланмоқда.
Жорий йилнинг июль ойида Фурқат тумани ҳокимлиги ҳамда Жанубий Корея томони билан меморандум имзоланган бўлиб, лойиҳа натижалари асосида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам пеллет кластери жорий этилиши белгиланган.
Мулоқот чоғида томонлар ўртасида мазкур соҳада Корея Республикасининг замонавий технологияларини ва тажрибаларини Ўзбекистонда кенг жорий этиш иккала давлат манфаатларига мос келган ҳолда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
KICC раҳбари Шин Ёнг Вон ҳамкорликдаги лойиҳаларни жадал давом эттириш мақсадида жорий йилнинг 23 сентябрь куни амалий ташриф билан Ўзбекистонга боришини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси