Logo

Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири ва КОИCА вице-президенти Сеулда грант лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар

Апрель 30, 2024. 20:01 • 2 дақ

138
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири ва КОИCА вице-президенти Сеулда грант лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар

СЕУЛ, 30 апрель. /"Дунё" АА/.  Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жанубий Кореяга ташрифи давомида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) вице-президенти Хонг Сеок Хва билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида раҳбар давлат хизматчиларининг рақамли трансформация соҳасида малакасини ошириш, рақамли таълим ва БПО тизимини ривожлантириш орқали IТ хизматлар экспортини ошириш, Ўзбекистонда аэрокосмик соҳани ривожлантириш учун таълим ва малака ошириш тизимини йўлга қўйиш, IТ таълим соҳасида КОИCА кўнгиллиларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

"Раҳбар давлат хизматчиларининг рақамли трансформация соҳасида Корея Республикасида салоҳиятини ошириш дастури" грант лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда КОИCАнинг 2025 йил амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхатига киритиш орқали вазирликларда АКТни ривожлантиришга масъул вазир ўринбосарлари, Рақамли технологиялар вазирлигининг бошқарма бошлиқлари ва қуйи ташкилотлар раҳбарларидан иборат 65 нафар раҳбарлар Корея Республикасида рақамли трансформация соҳасида малакасини ошириш имкониятига эга бўлади.

Шу билан бирга, КОИCАнинг "World Friends KOICA Volunteer" дастури доирасида маълумотлар илми (Data Science) ва компьютер илми (Computer Education) соҳасида юқори малакага эга кореялик экспертларнинг "Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари" дастурида қатнашувчи менторларнинг малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, учрашув давомида "Рақамли таълим ва БПОни ривожлантириш орқали IТ хизматлар экспортини ошириш" грант лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда КОИCАнинг 2026 йил амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхатига киритиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида жойлашган Рақамли таълим марказларида компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника ва инглиз тилини ўқитиш учун талаб этиладиган АКТ жиҳозларини харид қилиш ҳамда 16 минг нафар ўқувчи ва 450 нафар менторлар учун ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш