Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг Шарқий Мидленд ҳудуди ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланади
Октябрь 06, 2025. 12:59 • 2 дақ
• 19
ЛОНДОН, 6 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари амалий сафар билан Буюк Британиянинг Шарқий Мидленд ҳудудига бордилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар Буюк Британия ҳудудлари билан савдо, инвестициявий, маданий-гуманитар, олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни янада жадаллаштириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида амалга оширилди.
Ўзбекистон дипломатлари, сафар давомида Британиянинг "Rolls-Royce Holdings" корпорацияси раҳбарияти билан Ўзбекистон ва Британия ўртасидаги фуқаролик авиацияси йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилдилар.
Британиянинг етакчи муҳандислик ва двигателсозлик гиганти ҳисобланган "Rolls-Royce" компанияси вакиллари учрашув чоғида "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпанияси авиапаркининг изчил янгиланиши ва кенгайишини юқори баҳолади. Хусусан, компаниянинг сўнгги йилларда янги авлод "Boeing" ва "Airbus" самолётларини харид қилиш ва эксплуатацияга жорий этиш орқали ўз парки имкониятларини ошириб бораётгани алоҳида қайд этилди.
"Ўзбекистон вакилларининг ташрифидан мамнунмиз. "Rolls-Royce" компанияси "Uzbekistan Airways" ва Тошкентдаги тегишли идоралар билан ҳамкорликда Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида янги алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор", – деди "Rolls-Royce" компанияси савдо директори Таййиб Бен Сғаййир.
Лафборо университети Илм-фан ва тадбиркорлик паркида Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболларига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди.
Тадбирда "Intelligent Energy", "MINT Securities", "Trading Standards Institute", "Urban Food Ventures", "Global Consulting UK", "IBTC", "Mahal Properties" каби йирик компаниялар, шунингдек, Бирмингем аэропорти, Леcтер шаҳар кенгаши, Лафборо университети, Кил университети бизнес мактаби вакиллари иштирок этди.
Форумда хорижий томонга Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан миллий иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Шарқий Мидленд ўртасида ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, жумладан савдо-иқтисодиёт, таълим, транспорт, энергетика ва молиявий соҳаларда ҳамкорлик истиқболларини аниқлаш бўйича фикр алмашилди.
Тадбир якунида Лафборо университети Илм-фан ва тадбиркорлик парки ҳамда Ўзбекистондаги ихтисослашган парклар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, Шарқий Мидленд ҳудудига ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш, спортга оид таълим йўналишида қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ташриф давомида, шунингдек, Водород ёқилғи элементларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчилардан бири – "Intelligent Energy" компанияси операциялар бўйича директори Мартин Шефер билан ҳам музокаралар ўтказилди.
Дипломатлар компаниянинг Лафборо университети Илм-фан ва тадбиркорлик паркида жойлашган ишлаб чиқариш ва муҳандислик объектлари фаолияти билан танишдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди