Logo

Ўзбекистон ва Швеция онкология, юрак-қон томир касалликлари ва чақалоқларда туғма нуқсонларни даволаш йўналишларида ҳамкорлик қилади

Май 02, 2024. 12:12 • 48 сония

162
Ўзбекистон ва Швеция онкология, юрак-қон томир касалликлари ва чақалоқларда туғма нуқсонларни даволаш йўналишларида ҳамкорлик қилади

СТОКГОЛЬМ, 2 май. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Даврон Султонов бошчилигидаги делегациянинг Швецияга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Швеция Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат котиби, "Swecare", "E-health", "Medical Products" агентликлари, Каролинска тиббиёт институти, Сольгренска университети ва Қиролича Сильвия номидаги болалар касалхонаси, Лулео технология университети, "AstraZeneca", "Elekta" ва "Getinge" компаниялари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар давомида швед томонига Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги кундаги ривожланиш босқичи ва истиқболдаги режалар тўғрисида маълумот берилди. 

Бундан ташқари, республикада фармацевтика саноатини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар ва Тошкент тиббиёт академияси салоҳияти тўғрисида алоҳида тақдимот ўтказилди.

Учрашувлар натижасида, Ўзбекистон ва Швеция ўртасида онкология, юрак-қон томир касалликлари ва чақалоқларда туғма нуқсонларни даволашда замонавий усуллар ва технологияларни жорий қилиш, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика тармоғини рақамлаштириш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш