Ҳиндистоннинг Ҳимачал-Прадеш штатида Ўзбекистон савдо-иқтисодий, экспорт ва туризм салоҳияти тақдим этилди
Октябрь 24, 2024. 10:37 • 2 дақ
• 405
ДЕҲЛИ, 24 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг Ҳимачал-Прадеш штатида хорижий давлатлар дипломатик миссиялари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган халқаро тадбирда (Ambassadors Meet) мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий, экспорт ва туризм салоҳияти тақдим этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчи Сардор Рустамбоев бугунги кунда Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган янгиланиш жараёни ва изчил ислоҳотлар натижалари, хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда турли соҳа ва йўналишларда тадбиқ этилаётган лойиҳалар, чет эллик шериклар фаолияти учун яратилган қулай ва жозибадор муҳит ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида сўнгги йилларда изчил ривож топаётган ҳамкорлик, жумладан, ҳудудлараро алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳимачал-Прадеш штати бош вазири Сукҳвиндер Сингҳ Сукҳу тадбир иштирокчиларини олқишлаб, мазкур ҳудуд маъмурияти ва ишбилармон доиралари вакиллари ўзаро манфаатли ришталарни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини изҳор қилди. Энергетика, туризм, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш истиқболларига тўхталиб ўтди.
– Турли даражалардаги учрашув ва музокаралар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз, - деди Ҳимачал-Прадеш штати ҳукуматининг туризм масалалари бўйича масъул ходими Панкаж Шарма. – Экотуризм, қишлоқ хўжалиги, маданият, санъат ва ҳунармандчилик соҳаларида биргаликда фаолият юритиш учун катта имкониятлар мавжуд. Биз ўзбекистонлик ҳамкорлардан амалий ва самарали таклифларни кутиб қоламиз.
Тадбирда томонлар савдо-иқтисодиёт, инвестициявий ҳамкорлик, фармацевтика, энергетика ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш юзасидан ўзаро фикр алмашди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳимачал-Прадеш штати шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси