Logo

"Ўзбекистон-Литва" ишбилармонлар ҳамкорлиги кенгаши ташкил этилди

Май 08, 2024. 15:36 • 2 дақ

159
"Ўзбекистон-Литва" ишбилармонлар ҳамкорлиги кенгаши ташкил этилди

ВИЛЬНЮС, 8 май. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегациясининг Литвага ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Вильнюс шаҳрида "Ўзбекистон-Литва" ишбилармонлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди ва янги ташкил этилган платформанинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда сўзга чиққан Литва Саноатчилар конфедерацияси президенти В.Янулевичиус икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт, логистика, "яшил" энергия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа манфаатдор соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, у ташкил этилган Кенгаш икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш учун асосий платформа бўлиб хизмат қилишига умид билдирди.

Литва транспорт ва коммуникация вазири ўринбосари Лорета Маскалиовьене ўз чиқишида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган давлатга айланганини қайд этди. "Литва тадбиркорлари ўзбек ишбилармонлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда", деди у.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Литва ишбилармон доира вакиллари ва компаниялари раҳбарлари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Бундан ташқари икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасида "B2B" шаклида музокаралар уюштирилди. Бўлиб ўтган музокаралар натижасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги тўқимачилик, мева-сабзавот, кимё маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар ва металл прокатини Литвага етказиб бериш бўйича 30 миллион АҚШ долларига тенг экспорт шартномалари имзоланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Литва тадбиркорлари билан тенг улиш асосида Клайпеда шаҳрида ўзбек савдо уйини ташкил этиш масаласи келишиб олинди. Ушбу савдо уйи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Литва ва ЕИ давлатлари учун экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Сафар давомида Ўзбекистон тадбиркорлари Литвадаги хорижий давлатнинг йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари ва ишлаб чиқариш заводлари фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, икки мамлакат савдо-саноат корхоналари ўртасида ҳамкорлик, ўзаро янги саноат қурилмалари юзасидан фикрлар алмашиш, Ўзбекистонга инвесторларни жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш