Туркиянинг 50 йиллик трансплантация тажрибаси Ўзбекистонда жорий этилади
Ноябрь 12, 2025. 07:31 • 2 дақ
• 219
АНҚАРА, 12 ноябрь. /"Дунё" АА/. Анқара шаҳрида ўтказилган Яқин Шарқ орган трансплантацияси жамиятининг "Туркияда трансплантациянинг 50 йиллиги" мавзусидаги 19-конгрессида ўзбекистонлик шифокорлар ҳам иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Конгресс доирасида Яқин ва Узоқ Шарқ, Марказий Осиё, Африка, Европа, Америка минтақаларидан келган шифокорлар трансплантация ва орган донорлиги йўналишида ўз мамлакатларида олиб борилаётган ишлар, соҳадаги янгиликлар, тизимга татбиқ этилиши лозим бўлган лойиҳалар хусусида фикр билдиришди.
Тадбирда юртимиздан Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Ботир Даминов бошчилигидаги ўзбек шифокорлари ҳам фаол иштирок этиб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилди. Хорижлик мутахассислар билан Туркиянинг 50 йиллик трансплантация тажрибасини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашди.
Ўзбекистон делегацияси Анқара шаҳридаги шифохоналар ва университет клиникаларида ҳам бўлди. Шифокорларимиз Туркияда нефрология, иммунология, гистология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси каби илмий ва амалий соҳалардаги янгиликлар билан танишди. Башкент университети раҳбари Меҳмет Ҳаберал билан икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича меморандум имзолаш юзасидан келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси