Logo

Баҳолаш тизими, касб-ҳунарга ўқитиш ва китобхонлик маданияти борасида Жанубий Корея тажрибаси ўрганилмоқда

Сентябрь 28, 2024. 15:55 • 2 дақ

191
Баҳолаш тизими, касб-ҳунарга ўқитиш ва китобхонлик маданияти борасида Жанубий Корея тажрибаси ўрганилмоқда

СЕУЛ, 28 сентябрь. /"Дунё" АА/. Шу кунларда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги делегацияси амалий ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида делегация вакиллари Корея Миллий университетида мазкур таълим даргоҳи профессор-ўқитувчилари томонидан ташкил этилган ўқув-семинарида иштирок этди.

Унда ўқувчиларда танқидий ҳамда ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, баҳолаш тизимининг таълим сифатини оширишдаги роли, мактабларда дўстона ижтимоий муҳитни шакллантириш каби мавзуларда ўзаро фикр алмашилди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Жанубий Кореянинг Сежонг шаҳрида табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб раҳбарияти томонидан вакилларимиз учун семинар-тренинг ўтказилди. Унда таълим муассасаларида бошқарувни самарали йўлга қўйиш, ўқув-тарбия жараёнларини замонавий усулларда ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш; таълим сифатини ривожлантириш ва мониторинг қилишда инновацион ёндашувлар ҳақида сўз борди.

Делегация вакиллари Кёвонг университети қошидаги Миллий кутубхонада фаолияти ҳамда кутубхоналарга ўқувчиларни кўпроқ жалб қилиш тажрибаси билан ҳам яқиндан танишди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари Кореянинг мактабгача таълим ва ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришдаги тажрибасини ўрганиш мақсадида "Ҳандулмулбит" болалар боғчаси ва "Сежонг Жанг Ёнсил" юқори лицейида ҳам бўлди.

Унда масъуллар муассасалар фаолияти ҳамда яратилган шароитларни кўздан кечиришди.

Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги делегациясининг Жанубий Кореядаги учрашувлари давом этмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш