Оксфорднинг Бодлиян кутубхонаси нодир қўлёзмаларни ўрганишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр
Декабрь 27, 2023. 08:03 • 2 дақ
• 300
ЛОНДОН, 27 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Оксфорд университетининг Бодлиян кутубхонасига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган қадимий ўзбек қўлёзма асарларини кўздан кечирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

1602 йилда ташкил этилган Бодлиян кутубхонаси Оксфорд университетининг асосий тадқиқот кутубхонаси ҳисобланади. У Европадаги энг қадимий кутубхоналардан биридир. Буюк Британияда эса Британия кутубхонасидан кейин иккинчи йирик шундай зиё маскани саналади. Кутубхона фондларида 13 миллиондан ортиқ китоблар, архив ҳужжатлари, қўлёзмалар, жумладан, араб, форс, туркий ва эски чиғатой тилларига оид асарлар мавжуд.
Музокаралар чоғида мазкур кутубхонада қўлёзмаларни сақлаш бўйича тажрибаси билан танишиш мақсадида қадимий коллекцияларнинг «олтин фонди»га кириш бўйича келишувга эришилди. Бодлиян кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар ичида Султон Ҳусайин Бойқаронинг «Девони Ҳусайний», Аҳмад Термизийнинг «Фунуну-л-балоға», Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» ва «Сабаи сайёр» асарлари бор.
Британия томони Ўзбекистондаги кўргазмаларда намойиш қилиш учун Бодлиян кутубхонаси «олтин фонди»да сақланаётган қўлёзмаларни ижара бериш масаласини ўрганиш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни Буюк Британия технологияси асосида қадимий қўлёзма китобларни қайта тиклаш ва ўрганиш учун касбий тайёргарликка қабул қилишга тайёрлигини билдирди.
Бодлиян кутубхонаси мутахассислари билан ўтказилган муҳокамалар якунида томонлар 2024 йилда Ўзбекистоннинг тегишли мутахассислари учун қўлёзмаларни қайта тиклаш, рақамлаштириш ва кўргазмалар ташкил бўйича Британия тажрибаси асосида онлайн ўқув семинарларини ўтказишга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди