Британиянинг етакчи компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди
Ноябрь 17, 2025. 17:22 • 2 дақ
• 57
ЛОНДОН, 17 ноябрь /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Энергетика вазирлиги вакиллари Буюк Британиянинг "Intelligent Energy" компанияси тижорат директори Грег Харрис ва техник директори Крис Дадфилд билан онлайн мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

30 йиллик тажрибага эга бўлган "Intelligent Energy" водород энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш, ушбу тизим бўйича технологияларни жорий этиш ихтисослашган етакчи муҳандислик компания ҳисобланади.
Онлайн суҳбат чоғида Британия вакилларига Ўзбекистонда "яшил" энергетикани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, "яшил" водород ишлаб чиқариш бўйича ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Ушбу йўналиш мамлакатнинг амалдаги энергетика стратегияси доирасида устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Ўз навбатида, "Intelligent Energy" вакиллари компания фаолияти ва водороднинг ёқилғи сифатида фойдаланиш афзалликлари бўйича тўхталиб ўтди. Таъкидланишича, компания маҳсулотлари бугунги кунда дунё бўйлаб автомобилсозлик, юк ташиш, дронлар, телекоммуникация ва электр энергияси ишлаб чиқариш каби соҳаларда кенг қўлланилмоқда.
Музокаралар давомида иштирокчилар илғор водород ечимларига асосланган қўшма "яшил" лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди. Компания вакиллари Ўзбекистон билан водород технологиялари ва ёқилғи элементларини ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси