Қозон шаҳрида Амир Темур ҳаётига бағишланган фильмнинг тақдимоти ўтказилди
Апрель 01, 2026. 14:13 • 2 дақ
• 55
ҚОЗОН, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Татаристон пойтахтидаги “Мир” кинотеатрида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ҳаётига бағишланган “Тамерлан” фильмининг эксклюзив премьераси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тақдимот “Татаркино” давлат маданият муассасаси билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда ватандошлар, маданият ва жамоатчилик арбоблари ҳамда Қозонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Ушбу ноёб лойиҳа Ўзбекистон, Қозоғистон ва хорижий киноижодкорлар ҳамкорлигида яратилган бўлиб, у илк бор 2025 йил сентябрь ойида “Олтин минбар” XXI Қозон халқаро кинофестивали доирасида муваффақиятли тақдимот қилинган эди. Тадбир давомида иштирокчилар Темурийлар Ренессанси – Иккинчи Ренессанс даврига асос солган Соҳибқирон Амир Темурнинг нафақат Ўзбекистон миллий давлатчилиги, балки жаҳон тарихи ривожидаги алоҳида ўрнини юқори баҳолади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Премьера якунида томошабинлар фильмнинг бадиий савияси ва тарихий ҳақиқатни акс эттиришдаги аҳамиятини юқори баҳолаб, бу каби халқаро лойиҳалар халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси