Британиянинг сертификатлаш бўйича етакчи компанияси Ўзбекистон лабораториялари салоҳиятини оширишга кўмаклашади
Ноябрь 17, 2025. 22:15 • 2 дақ
• 59
ТОШКЕНТ, 17 ноябрь /"Дунё" АА/. Буюк Британиянинг "Intertek Group" компаниясининг глобал юмшоқ маҳсулотлар бўйича техник директори Дэйв Смит ва озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассис Жон Сирл Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мутахассислар "Uztest" давлат муассасаси фаолияти, Тошкент шаҳридаги тўқимачилик синов лабораторияси, шунингдек, Наманган вилоятидаги "Юксалиш" саноат зонасида жойлашган лаборатория билан танишди.
Бундан ташқари, "Uztest" таркибидаги озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш лабораторияси, ундаги замонавий ускуналар, синов турлари ва сифат менежменти тизими фаолияти кўздан кечирилди.
Ташриф якунида "Intertek" компанияси тажрибасини Ўзбекистон шароитида қўллаш, қўшимча синов ускуналарини етказиб бериш ҳамда маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилашга келишиб олинди.
"Intertek" компанияси маҳсулотларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш соҳасида етакчи трансмиллий компаниялардан бири ҳисобланиб, дунёнинг юздан ортиқ мамлакатида ўзининг минглаб лабораторияларига эга. Қарийб 44 минг нафар ходим ишлайдиган мазкур компаниянинг савдо айланмаси ўтган йилда 3,4 миллиард долларга етган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси