Ўзбекистон ҳудудлари ва саноат тармоқлари ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Покистонда самарали музокаралар ўтказди

Октябрь 26, 2024. 14:46 • 2 дақ

176
Ўзбекистон ҳудудлари ва саноат тармоқлари ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Покистонда самарали музокаралар ўтказди

ИСЛОМОБОД, 25 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти бошчилигидаги мамлакатимиз ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг 23-24 октябрь кунлари Покистоннинг Исломобод, Равалпинди ва Карачи шаҳарларига ишчи сафари уюштирилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири. 

Ўзбекистон делегациясининг Равалпинди шаҳрига сафари давомида бизнес доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди. Форумда томонлар фармацевтика, текстиль, қишлоқ хўжалиги, кимё ва қурилиш материаллари соҳаларида  шерикликни кучайтириш юзасидан келишиб олишди.


Иқтисодий тадбир якунида  тадбиркорлар ўртасида савдо шартномалари ҳамда Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ва Равалпинди Савдо саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


 Сафар доирасида Исломобод Савдо саноат палатаси кўмагида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми  ўтказилди.   Унда туризм, энергетика, кимё, заргарлик, ахборот технологиялар йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро савдони кенгайтириш билан боғлик муҳим келишувларга эришилди.


Палата раиси Насир Куреши Покистон фуқаролари учун виза режими енгиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. У мамлакатларимиз ўртасида туристик оқимини ошириш, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа қадимий шаҳарларининг зиёрат туризми имкониятларини тарғиб қилишда Исломобод Савдо саноат палатаси ўз ҳиссасини қўшишини таъкидлади.


Шунингдек ўқинг

 Ўзбекистон томони, шунингдек, Покистоннинг  "Wah Nobel", "Nimir Group" ва "Aziya Ariya" компаниялари раҳбарлари билан музокара ўтказди. Уларда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кимё маҳсулотларини Покистонга экспорт қилиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.


Покистон озиқ-овқат хавфсизлиги вазирининг биринчи ўринбосари Али Тахир  билан кечган учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш, жумладан пахта уруғчилиги селекцияси йўналишида илмий тадқиқот олиб бориш ва тажриба алмашиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаси ва минерал ўғитларни Покистон фермерларига етказиб бериш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.


Озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлиги ва "Ўзкимёсаноат" АЖ ўртасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган минерал ўғитларнинг Покистонга экспорт ҳажмини кенгайтириш ва ушбу маҳсулотларга мавжуд талаб юзасидан мунтазам равишда ахборот алмашиш тўғрисида келишиб олинди.


 Ўзбекистон вакиллари Карачи шаҳрида ўтказилган "Texpo" кўргазмаси  иштирок этишди. Кўргазма майдонида Ўзбекистон текстил ва чарм-пойабзал маҳсулотлари намойиши ўтказилди.


Мамлакатимиз дипломатик миссияси ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси  ташаббуси билан ташкил этилган "B2B" учрашувлари натижасида Покистоннинг "Diners", "Fateh", "Nishat", "Diamond group" компаниялари билан текстиль, чарм, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти бўйича 15 миллион долларлик савдо шартномалари тузилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш