Ўзбекистон делегацияси Будапештда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этмоқда

Ноябрь 23, 2024. 15:35 • 2 дақ

• 353
Ўзбекистон делегацияси Будапештда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этмоқда

БУДАПЕШТ, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 20-23 ноябрь кунлари Будапештда бутун дунёдан олимлар, инноваторлар ва сиёсатчиларни бирлаштирган Бутунжаҳон таълим форуми бўлиб ўтди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Жорий йилги форум Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги фаол ҳамкорлик платформасига айланди.

Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси инновациялар соҳасида келгусидаги қўшма лойиҳаларга асос солган муҳим музокаралар олиб борди.

Будапештнинг Этвёш Лоранд университети ректори Ласло Борги ва Миллий тадқиқот, ишланмалар ва инновациялар бюроси президенти Иштван Адам Кисс билан икки давлат университетлари ўртасида академик алмашинувни ташкил этиш,шунингдек, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Венгрия Маданият ва инновациялар вазирлиги Давлат котиби ўринбосари Ласло Бодиш билан учрашувда муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди. Ласло Бодиш 2024 йил октябр ойида Жиззах вилоятига ташрифи якунларини илиқ эсга олди. Обуда университети ва Жиззах университетлари билан юқори технологиялар соҳасида қўшма лойиҳалар муваффақиятли бошланганини таъкидлади.

Венгрия томони Ўзбекистон тадқиқотчилари учун илмий стажировкалар ташкил этиш ва икки мамлакат университетлари ҳамда компаниялари иштирокида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва инновацион салоҳиятни ривожлантириш орқали инновациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистон ва Венгрия университетлар ҳамда илмий марказлар ўртасидаги ҳамкорликни юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва илғор технологияларни илгари суришнинг муҳим воситаси сифатида кўрмоқда.

Шунингдек, ушбу ташриф Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида инновациялар соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболларини очди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш