Ўзбекистон ва Шаржа Амирлиги олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алоқалар янада мустаҳкамланади
Октябрь 02, 2024. 12:34 • 2 дақ
• 249
АБУ-ДАБИ, 2 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Шаржа Амирлигидаги олий таълим муассасалари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Шаржа университети биринчи проректори Салаҳ Таҳир ал Ҳаж билан кечган суҳбатда Ўзбекистон олий таълим билим юртлари билан академик алоқаларини ривожлантириш имкониятлари кўриб чилди.
Салаҳ Таҳир ал Ҳаж Шаржа университети Ўзбекистон университетлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, муҳандис кадрларни тайёрлаш йўналишида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
"Муҳандислик факультети Шаржа университетидаги энг йирик коллеж бўлиб, унда тахминан 3400 нафар талаба бакалавриат ва магистратура дастурларида таҳсил олади. Унинг таркибида саноат муҳандислиги ва муҳандислик бошқаруви, электротехника, қурилиш ва атроф-муҳит муҳандислиги, архитектура, механика ва ядро муҳандислиги, барқарор ва қайта тикланадиган энергия муҳандислиги кафедралари мавжуд. Биз ушбу йўналишда Тошкент давлат техника университети билан академик алоқалар ўрнатишга тайёрмиз", деди у.
БАА томони, шунингдек, жорий йилнинг 7- 12 октябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширилиши режалаштирилган сафар ҳақида маълумот берди. Сафар давомида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик университети фаолияти ва ушбу муассасада сақланаётган нодир қўлёзмалар билан яқиндан танишиш режалаштирилмоқда.
Шаржа Амирлигидаги Араб тили академияси Бош директори Муҳаммад Софий ал Мустағонимий билан музокаралар чоғида мазкур академияда ўзбекистонлик талабалар ва ўқитувчилар учун қисқа муддатли ўқув курсларни ташкиллаштириш, мазкур академияда таҳсил олиш учун грантлар ажратиш, араб тилини ўрганувчилар учун соддалаштирилган ўқув дастур ва дарсликларни тақдим қилиш ва бошқалар тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси