ТИВ дипломатлари Ўмонда малака ошириб қайтди
Февраль 16, 2026. 15:44 • 2 дақ
• 290
МАСКАТ, 21 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги дипломатлари учун Ўмон Султонлиги Дипломатик академиясида қисқа муддатли ўқув курслари бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ўқув курслари Ўзбекистон ва Ўмон Ташқи ишлар вазирлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.
Ўқув курсларида Ўмон Дипломатик академияси, ТИВ Марказий Осиё департаменти, Инвестиция агентлиги масъуллари томонидан ўқув машғулотлари ўтказилди.
Маърузаларда Султонликнинг мулоқот ва бағрикенглик тамойилларига асосланган ташқи сиёсати, халқаро ва минтақавий масалаларни ҳал этиш ва минтақа давлатлари ўртасида ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари, “Ўмон нигоҳи 2040” ривожланиш стратегияси, Ўзбекистон–Ўмон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг асослари ҳамда истиқболлари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси томонидан дипломатик академия ҳамда Ўмон ТИВ вакиллари учун “Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди.
Унда хориж томони мамлакатимизнинг очиқлик, прагматизм ва фаол ташаббусларга асосланган ҳамда Марказий Осиёда яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган ташқи сиёсати ҳақида хабардор қилинди.
Ўқув курслари якунида Ўзбекистонлик дипломатлар сертификатлар билан тақдирланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси