Logo

Ўмонда "Бухоро садолари: маданият куни" номли илмий-маданий тадбирлар ўтказилди

Апрель 21, 2025. 10:22 • 2 дақ

112
Ўмонда "Бухоро садолари: маданият куни" номли илмий-маданий тадбирлар ўтказилди

МАСКАТ, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов бошчилигида мазкур олий таълим муассасаси ва вилоят филармонияси вакилларидан иборат делегация 15-16 апрель кунлари Ўмонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Бухоро вилояти делегацияси Маскат ва Низва шаҳарларида бир қатор учрашув ва тадбирлар ўтказди.

Жумладан, Маскат университети ректори, профессор Хамис ал-Яхъяи билан кечган мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, мазкур университетда ўзбек миллий ҳунармандчилиги ва миниатюра санъатига бағишланган кўргазма ҳамда "Бухоро бурчаги" ташкил этилди.

Йиғилганлар эътиборига Ўзбекистон маданияти, тарихи, буюк аждодларимиз илмий фаолиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилди. Бухоро филармонияси томонидан тақдим этилган "Бухоро садолари: маданият куни" номли концерт дастури барчага манзур келди.

Ўзбекистон вакиллари Ўмоннинг ад-Дахилия муҳофазаси маркази – Низва шаҳридаги Низва университетида ҳам бўлди. Дастлаб мазкур олий таълим муассасаси ректори, профессор Аҳмад Ҳалфан Ал-Раваҳи билан учрашув ўтказилди.

Мулоқот чоғида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича фикр алмашдилар. Бухоро давлат университети ректори мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва юртимиз олий таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди.

Мазкур олий таълим муассасасида ҳам Ўзбекистон санъат усталари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди. Томошабинлар ўзбек миллий рақслари ҳамда куй ва қўшиқларини давомли олқишлар билан кутиб олдилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидовнинг ад-Дахилия губернатори ва Ўмон олий таълим, тадқиқотлар ва инновация вазирлиги департаменти раҳбари билан учрашуви ташкил этилди.

Музокараларда ад-Дахилия ва Бухоро вилояти ўртасида иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш, олий таълим соҳасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш