Logo

Индонезия олий ўқув юрти Ўзбекистонда таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганмоқда

Декабрь 23, 2023. 14:46 • 1 дақ

192
Индонезия олий ўқув юрти Ўзбекистонда таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганмоқда

ЖАКАРТА, 23 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон дипломатлари Индонезиянинг «BINUS» университетининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ректор ўринбосари Тирта Нуграҳа Мурситама билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Индонезия томонига Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, мамлакатимизда олий таълим муассасалари сони 70 тадан 191 тага етказилгани, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошгани таъкидланди.

Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк алломаларимизнинг бой мероси ҳануз жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани индонез томонига катта қизиқиш уйғотди.

«BINUS» университети вакиллари ўз навбатида, олий таълим муассасасининг Индонезиядаги ва халқаро майдондаги узоқ йиллик тажрибаси тўғрисида батафсил маълумот берди. Индонезия томони, шунингдек, «BINUS» университетида таълим йўналиши бўйича қўшма форум ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Тирта Нуграҳа Мурситама мазкур олийгоҳнинг мамлакатимизда бизнесни бошқариш йўналишида магистратура дастурларини амалга ошириш, мазкур университет филиалини очиш имкониятларини ўрганиш учун «BINUS» раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режаларини маълум қилди. У ҳамкорликнинг биринчи қадами сифатида ўзбекистонлик бир нафар талабага таълим гранти ажратилишини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар Индонезия томонидан билдирилган таклифларниЎзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан муҳокама қилиш тўғрисида келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш