Ўзбекистон ва Испания сувдан фойдаланишни оптималлаштириш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилмоқда
Декабрь 14, 2023. 12:34 • 2 дақ
• 138
МАДРИД, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ва Испаниянинг «HIDROCONTA» компанияси раҳбари Аугустин Гарсия Руис ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн учрашув аввалида «HIDROCONTA» компанияси раҳбари Аугустин Гарсия Руис мамлакат ҳукумати Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини, хусусан, қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланишни оптималлаштириш мақсадида ирригация тизимларини модернизация ва янгилаш борасидаги амалий ишларни юқори баҳолади. Унинг айтишича, Испаниянинг иқлими кўп жиҳатдан Ўзбекистон билан ўхшаш. Бу қурғоқчилик ва сув танқислиги муаммоларини бартараф этиш борасида компаниянинг сувдан самарали фойдаланишга эришиш бўйича тажрибасини жалб этган ҳолда ҳамкорлик қилиш имконини беради.
- Компаниямиз мазкур соҳада 30 дан ортиқ давлатларда кўплаб лойиҳаларни амалга оширган. Корхона томонидан сертификатланган «ақлли сув тизими»ни масофадан бошқариш учун сув ҳисоблагичлари, назорат клапанлари, алоқа модуллари ва дастурий таъминоти ишлаб чиқарилади, - деди у. – Биз дастлабки босқичда сув ресурсларидан автоматлаштирилган ва масофадан бошқариладиган усулда фойдаланиш бўйича технологияларнинг афзалликларини кўрсатиш учун Ўзбекистонда ўз маблағларимиз ҳисобига пилот лойиҳани амалга оширишимиз мумкин.
Ўзбекистон вакиллари, ўз навбатида, испан компаниясининг энг илғор технологияларини жорий этган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида таклиф этилаётган тажриба лойиҳаси учун керакли ҳудудни белгилаш ва музокараларни давом эттириш мақсадида «HIDROCONTA» компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ишчи сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси