Logo

Япониянинг йирик савдо тармоғи Ўзбекистондан меҳнат ресурсларига қизиқиш билдирмоқда

Декабрь 14, 2023. 07:48 • 58 сония

427
Япониянинг йирик савдо тармоғи Ўзбекистондан меҳнат ресурсларига қизиқиш билдирмоқда

ТОКИО, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдурахмонов Япониянинг «Seven-Eleven Japan Co., Ltd» савдо тармоғи таркибига кирувчи «Seven Global Linkage» компанияси ижрочи директори Макото Ясуй билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда ўзбекистонлик мутахассисларни ишга жойлаштириш масалалари ва қонуний меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Компания раҳбарининг айтишича, ҳозир кунда Япониядаги 20 мингга яқин «Seven-Eleven» магазинларида 40 минг чет эллик ходимлар, 30 минг талаба ва 300 минг япон университетлари битирувчиларининг бандлиги таъминланган. 2022 йил маълумотларига кўра, мазкур савдо тармоқларида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони Вьетнам, Непал ва Хитой вакилларидан кейинги ўринни эгаллайди.

- Ҳозирги кунда компанияда меҳнат ресурслари тақчиллиги кузатилмоқда, - деди Макото Ясуй. -Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Ўзбекистондан ишчи кучларини жалб этишни режалаштиряпмиз. Ушбу йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан мақсадли музокаралар олиб боришга тайёрмиз.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари ҳақида батафсил айтиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган муҳим вазифалар урғуланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш