Кувайт бизнеси вакиллари Сирдарё вилоятининг инвестициявий имкониятлари билан танишди

Октябрь 22, 2024. 15:03 • 2 дақ

176
Кувайт бизнеси вакиллари Сирдарё вилоятининг инвестициявий имкониятлари билан танишди

АЛ-КУВАЙТ, 22 октябрь. "Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Кувайтдаги элчихонаси томонидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда  Гулистон шаҳрида кеча Ўзбекистон-Кувайт бизнес-форуми ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 Тадбирда Кувайт Ташқи ишлар вазирлигининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Аҳмад ал-Илаж бошчилигидаги бизнес делегация қатнашди.


Делегация таркибидан Кувайт савдо ва саноат вазирлиги, Кувайт Саноат қўмитаси, "KAMCO Investment Co.", "Alkandari General Trading Co.", "Unique Goods", "Unique Co. for public trading", "Zenith Business Solution", "Sky Logistics Gen. Trading Co." компаниялари раҳбарлари ва вакиллари ўрин олди.


Форумнинг очилиш қисмида Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев ва Кувайт Ташқи ишлар вазирлигининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Аҳмад ал-Илаж нутқ сўзладилар.


Шундан сўнг, Сирдарё вилоятига сармоя киритиш ҳамда саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти имкониятлари юзасидан тақдимот ўтказилди. Кувайтлик инвесторлар эътиборига Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган янги лойиҳалар, хорижий сармоядорларга тақдим этилаётган имтиёзлар, ҳудуддаги мавжуд инфратузилма ҳолати бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.


 Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида G2B ва B2B форматларида музокаралар уюштирилди. Унда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Сирдарё вилоятидан Кувайтга дуккакли экинлар, ун, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари, қуруқ мевалар экспорти ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


 Кувайт бизнеси вакиллари Сирдарё туманидаги "Peng sheng Charm", "Sirdarya Ceramic Production", "AWP", "Mega Lux" ва "Modern Marble" компанияларининг ишлаб чиқариш  қувватларини кўздан кечирди ҳамда Янгиер шаҳридаги "Сирдарё" эркин иқтисодий ҳудудидаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш