МАГАТЭ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланмоқда
Октябрь 05, 2023. 15:20 • 2 дақ
• 225
ВЕНА, 5 октябрь. /«Дунё» АА/. Вена шаҳрида Ўзбекистон делегацияси иштирок этган Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бош конференциясининг навбатдаги сессияси ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида делегация таркибидаги Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фарруҳ Шарипов Агентлик мутасаддилари билан қатор учрашувлар ўтказди. Буларнинг натижаси ўлароқ, МАГАТЭ департаментлари билан алоқалар мустаҳкамланди, қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди, яқин келажакдаги аниқ режалар белгилаб олинди.
Хусусан, учрашувларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тиббий таъсир пайтида радиациядан ҳимоя қилиш бўйича МАГАТЭ хавфсизлик андозаларини амалга ошириш жараёнида ўзаро ҳамкорликнинг ижобий ўсувчанлиги қайд этилди. Агентлик янги ташкил этилаётган янги миллий онкология маркази учун Ўзбекистон мутахассислари салоҳиятини мустаҳкамлашда иштирок этиш ниятида эканлигини маълум қилди. Шунингдек, Тошкент Онкология диспансери терапия бўлимларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
МАГАТЭнинг келгуси уч йил давомида Ўзбекистондаги онкология марказларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш учун 2,5 миллион евро ажратиш ниятини аниқ келишувлар мисоли сифатида қайд этиш мумкин.
Конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси "Марказий Осиёда диагностик радиологияда сифат ва хавфсизликни яхшилаш" мавзусидаги шўъба тадбирида иштирок этди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари билан тиббиётда радиациядан ҳимояланиш ва хавфсизлик бўйича МАГАТЭ хавфсизлик стандартларини жорий этишга қаратилган техник ҳамкорлик масалалари, шунингдек, Агентликнинг минтақада диагностик радиология ва тиббий физика соҳасида сифатни таъминлаш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар Республика ихтисослаштирилган Онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази (РСНПМЦОИР) Тошкент шаҳар филиалининг тиббий физиги ва МАГАТЭ/ICTP тиббий физика қўшма халқаро аспирантураси битирувчисининг тиббиёт физикаси равнақидаги муваффақиятлар, тўсиқлар ва имкониятларга доир маърузаларини катта қизиқиш билан тинглашди.
Тадбир ташкилотчилари чиқишларида икки нафар ўзбекистонлик мутахассис Италиянинг Триест шаҳридаги Халқаро назарий физика марказида тиббий физика бўйича икки йиллик магистратурани тамомлагани ва ҳозирги пайида яна уч нафар мамлакатимиз вакили таҳсил олаётгани алоҳида қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси