Малайзия институти Самарқанд вилоятида тиббий электрон ускуналарни таъмирлаш бўйича мутахассислар тайёрлайдиган қўшма таълим дастурини очишга тайёр
Июль 14, 2024. 13:41 • 2 дақ
• 287
КУАЛА-ЛУМПУР, 14 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Куала-Лумпур университети таркибига кирувчи Британия–Малайзия институти (Universiti Kuala Lumpur British Malaysia Institute – UniKL BMI) раҳбарияти билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашув чоғида UniKL BMI институтининг Тиббий муҳандислик технологиялари бўлими бошлиғи доктор Муҳаммад Зубр институт фаолияти билан яқиндан таништирди.
Малайзия томонининг таъкидлашича, UniKL BMI институти электротехника, электроника, телекоммуникация ва тиббиёт электроникаси соҳаларида ҳар йили 400 дан ортиқ мутахассисларни тайёрлайди. Талабалар учун таълим жараёни бевосита амалиёт билан бирга олиб борилишига алоҳида урғу берилди. 2023 йилда мазкур ўқув даргоҳини тамомлаган талабаларнинг 97 фоизи иш билан таъминланган.
Ўзбекистоннинг юзлаб хусусий ва давлат шифохоналарида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган тиббий ускуналарни таъмирлаш бўйича маҳаллий мутахассисларни тайёрлашга бўлган талаб институт ходимларида ушбу соҳада ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш уйғотди.
UniKL BMI институти билан Самарқанд вилояти Тиббиёт техникуми негизида тиббий ускуна ва жиҳозларни таъмирлаш бўйича муҳандис мутахассислар тайёрлайдиган қўшма таълим дастурини очишга келишиб олинди.
Шунингдек, томонлар келажакда ушбу қўшма таълим дастурида таҳсил оладиган талабалар Малайзиянинг "Al Global Corporation Sdn Bhd" ва Самарқанд вилоятининг "Neyro Med Diagnostik Centre" МЧЖ ўртасида тиббий ускуна ва жиҳозларни таъмирлаш бўйича ташкил этилаётган қўшма корхонада амалиёт ўташ тажрибасини йўлга қўйиш мумкинлиги тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар.
Куала-Лумпур университети 2002 йилда "MARA" (Majlis Amanah Rakyat) давлат муассасаси томонидан ташкил этилган бўлиб, Малайзияда муҳандислик технологияси соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган етакчи олий ўқув юрти ҳисобланади. Университетнинг 13 та турли йўналишдаги институтларида 24 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди