"Save Soil" халқаро ҳаракати Ўзбекистон билан тупроқни қайта тиклаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўймоқда
Июнь 14, 2025. 12:21 • 2 дақ
• 86
ДЕҲЛИ, 14 июнь. /"Дунё" АА/. Атиги икки йил давомида "Save Soil" халқаро ҳаракатининг Россия ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Сужата Ражагопал учун табиатга бўлган оддий қизиқиш ҳақиқий фаолият кўламига айланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

У "Conscious Planet" порталида Ўзбекистон бўйлаб қилган амалий саёҳати ҳақида сўз юритган. Сужата Ражагопал ўзининг муаллифлик мақоласида "Save Soil" вакиллари 2024-2025 йилларда тупроқ ҳолатини ўрганиш ва уни тиклаш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга қилган ишчи сафарлари ҳақида ҳикоя қилган. "Ўзаро мулоқотлар ва учрашувлар давомида ҳиндистонлик мутахассислар тупроқнинг аҳволи билан боғлиқ асосий таҳдидларни ўрганган, шунингдек, мамлакатнинг расмий идоралари ва илмий доиралари вакиллари билан ҳамкорлик йўлларини белгилаб олган", – дея таъкидлайди муаллиф.
Сужата Ражагопал Ўзбекистон тупроғининг ҳолати бир хил эмаслиги, унда деградация аломатлари мавжудлигини таърифлаган. У тупроқ шўрланиши каби долзарб масалаларга эътибор қаратади, айниқса Бухорода тупроқ шўрланиш даражаси бўйича мамлакатда иккинчи ўринда туриши ҳақида тўхталади. "Минтақадаги ерларнинг 20 фоиздан ортиғи деградацияга учраган, бу эса аҳоли сонининг ўсиши шароитида озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Йилдан-йилга экологик фалокатлар таъсири тобора кучлироқ сезилаётир. Орол денгизининг шўрхок чўлга айланиб бораётгани ўтган асрда сув ресурсларидан нооқилона фойдаланиш оқибатларидан огоҳлантирувчи мисол бўлиб хизмат қилмоқда", – дея урғуланган материалда.
"Save Soil" эксперти, шунингдек, Ўзбекистонда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Яшил макон" лойиҳаси мамлакатда яшил қопламни 8 фоиздан 30 фоизгача ошириш ҳамда тупроқ ҳолатини яхшилашга қаратилган, деб таъкидлаган.
Бундан ташқари, муаллиф Ўзбекистон ва "Save Soil" халқаро ҳаракати ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида мулоҳаза юритган.
"2024 йилда Бокуда (Озарбайжон) бўлиб ўтган CОР29 халқаро анжумани доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда "Save Soil" ташкилоти ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзолангани икки томонлама ҳамкорликка асос солди. Ташкилот вакиллари 2025 йил апрель ойида Самарқандда ўтказилган иқлим форумида фаол иштирок этди", – деб қайд этилади нашрда.
"Save Soil" ташкилоти фермерлар билан ишлаш бўйича илғор усулларни таклиф этмоқда, замонавий билим ва кўникмалар тақдим қилмоқда, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва илмий лабораторияларда маърузалар уюштирмоқда, тупроқни сақлаш бўйича билимларни тарқатишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди