Мисрлик олимлар билан буюк алломалар меросини тадқиқ қилиш бўйича муҳим келишувларга эришилди
Январ 29, 2026. 18:04 • 2 дақ
• 105
ҚОҲИРА, 29 январь. /“Дунё” АА/. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази делегацияси Қоҳира шаҳрига ташриф буюриб, қатор муҳим учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация аъзолари дастлаб, Ал-Азҳар шайхи ўринбосари Муҳаммад Дувайний ҳамда Имом Ашъарий маркази директори Ҳасан Шофеъий билан учрашди.
Мулоқот чоғида “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида ҳамкорлик қилиш, буюк алломалар мероси ва қўлёзма манбаларни биргаликда тадқиқ этиш ва фундаментал лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Ал-Азҳар шайхи маслаҳатчиси Наҳла ас-Саъидий билан ўтказилган музокараларда ислом динининг мўътадиллик тамойилларини тарғиб этиш ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ролини оширишга урғу берилди. Наҳла ас-Саъидий Ўзбекистоннинг ислом маърифати борасидаги ташаббусларини юқори баҳолаб, хотин-қизларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ва хорижлик талабалар учун қулай таълим муҳитини яратишда яқин ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
Мажмуа қошидаги “Экстремизмга қарши курашиш расадҳонаси”да бўлиб ўтган учрашувда ижтимоий тармоқлардаги бузғунчи ғояларга қарши курашиш механизмлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида ўзаро Англашув меморандуми ва янги “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш белгилаб олинди.
Ал-Азҳар университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ўтказилган учрашувда ёшларни Ватан тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялаш масаласида фикр алмашилди. Талабаларга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Марказ мутахассислари анъанавий мотуридийлик таълимотининг бағрикенглик тамойилларини тушунтириб, ёшларни ижтимоий тармоқлардаги сохта даъватлардан ҳушёр бўлишга чақирди.
27 январь куни делегация Қоҳирада Имом Ашъарий маркази томонидан ташкил этилган “Имом Ашъарий ва мўътадиллик: ақидавий ихтилофдан – мулоқот уфқи сари” халқаро илмий форумда иштирок этди. Анжуманда Марказ директори Комилжон Шермуҳамедов ҳамда Мисрнинг етакчи уламолари ақидавий ихтилофлар ўрнига илмий мулоқотни қарор топтириш ва соф ислом ақидасини асраб-авайлаш масалаларида маъруза қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
