Ўзбекистон ва Хитой таҳлил марказлари ҳамкорлигида қўшма лойиҳалар амалга оширилади
Январ 30, 2026. 17:35 • 2 дақ
• 695
ШАНХАЙ, 3 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва ташаббуслар маркази делегацияси Шанхайнинг етакчи илмий-тадқиқот ва эксперт институтлари вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф минтақавий ва глобал аҳамиятга молик асосий масалалар бўйича самарали мулоқот майдонига айланди. Шанхай Сиёсат ва ҳуқуқ университети ҳузуридаги ШҲТ Кадрлар тайёрлаш бўйича таянч платформаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “ШҲТ: Тяньцзин саммитидан кейинги истиқболлар” мавзусидаги давра суҳбати доирасида хавфсизлик ва тараққиёт соҳаларидаги кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини ошириш йўллари муҳокама қилинди.
Делегация вакилларининг Шанхай ижтимоий фанлар академияси, Халқаро тадқиқотлар академияси, Чет тиллар университети ҳузуридаги Глобал бошқарув ва минтақашунослик академияси, Фудан ва Шарқий Хитой педагогика университетларининг тегишли тузилмалари раҳбарияти билан музокаралар алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти ортиб бораётгани, Хитой ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги ШҲТ форматидаги шерикликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокамаларнинг марказий мавзуси бўлди.
Ўзбекистон делегациясининг Шанхай шаҳрига амалий ташрифи якунлари бўйича икки мамлакатнинг етакчи таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун асослар яратилди. Тадқиқот материалларини мунтазам алмашиш, халқаро муносабатлар, хавфсизлик ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари бўйича қўшма баҳолаш ва маслаҳат учрашувлари ўтказишга келишиб олинди. Марказий Осиё ва Евроосиёнинг замонавий таҳдид ва имкониятларини таҳлил қилишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик тасдиқланди.
Экспертларнинг ўзаро ташрифлари, семинарлар, конференциялар ўтказиш ва амалий ташаббусларни илгари суришни ўз ичига олган ҳамкорликнинг амалий форматлари келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси