Logo

Хоразм вилояти ва Польшанинг Подляски воеводелиги ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади

Май 06, 2024. 09:10 • 2 дақ

169
Хоразм вилояти ва Польшанинг Подляски воеводелиги ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади

ВАРШАВА, 6 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев амалий ташриф билан ушбу мамлакатнинг Подляски воеводелигида (вилоят) бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида Подляски воеводелиги ҳукумати вакили Яцек Брзозовски, маршал ўринбосари Марек Олбриж ва Белосток шаҳри мэри Тадеуш Трусколаски билан учрашув ўтказилди.   

Бўлиб ўтган музокаралар якунида Хоразм вилояти ва Подляски воеводелиги ўртасида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, озиқ-овқат, транспорт ва коммуникациялар, ахборот технологиялари, мебель ишлаб чиқариш, спорт ва туризм каби соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Томонлар, шунингдек, Урганч ва Белосток шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олдилар.

Дипломатик миссия томонидан Белосток Савдо-саноат палатасида мамлакатимиз салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда  Белосток Савдо-саноат палатаси президенти Витольд Карчевски ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, металлургия ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда автомобиллар учун газ қурилмалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, кластерлар асосида сут қабул қилиш пунктларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Белосток политехника университети ректори Марта Косиор-Казберук билан кечган мулоқот якунлари бўйича томонлар Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасаси билан видеокўприк ўтказиш, шунингдек, Польша университетининг Урганч шаҳрида филиалини очиш, Европа Иттифоқининг "Erasmus+" дастури ва "NAWA" лойиҳаси доирасида грант асосида ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш тўғрисида аҳдлашиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш