Покистон компанияси Навоий вилоятида машинасозлик эҳтиёт қисмлари ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширади
Май 01, 2026. 09:00 • 3 дақ
• 562
КАРАЧИ, 1 май. /“Дунё” АА/. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Покистонга амалий ташрифи доирасида Карачи шаҳрида «Omni Group of Companies» компанияси бошқарувчи директори Хаважа Салман Юнус билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ҳам иштирок этди.
Музокаралар аввалида Покистон томонига ташрифнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, Навоий вилоятида хорижий инвесторлар, жумладан Покистон компаниялари учун яратилган қулай инвестиция муҳити, амал қилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар кенг ёритиб берилди. Шу билан бирга, вилоятда хорижий сармоя иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва уларнинг ижобий натижалари хусусида ҳам маълумот тақдим этилди.
Мулоқот давомида Навоий вилояти саноат корхоналарининг эҳтиёжлари учун машинасозлик, металлга ишлов бериш ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш соҳаларида шаклланган салоҳият алоҳида таъкидланди. «Omni Group of Companies» таркибига кирувчи шакар, цемент, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритувчи корхоналарда турли хил машинасозлик эҳтиёт қисмларига доимий талаб мавжудлиги инобатга олиниб, ушбу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболли экани қайд этилди.
Шу муносабат билан Навоий вилояти ҳудудида машинасозлик эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Покистон компаниясининг агросаноат соҳасидаги бой тажрибасини инобатга олган ҳолда, Навоий вилоятида шакарқамиш ва қанд лавлагидан шакар ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш, сув тежамкор гуруч навлари ва картошка етиштиришни йўлга қўйиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
«Навоийазот» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган кимёвий хомашёларни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, жумладан қурилиш материаллари, фармацевтика саноати учун зарур компонентлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ва саноатда кенг қўлланиладиган кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш таклифи Покистон томонига катта қизиқиш уйғотди .
Учрашув якунида томонлар машинасозлик эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш ва кимё саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Шунингдек, ушбу лойиҳаларни жойида ўрганиш ва амалий музокараларни давом эттириш мақсадида «Omni Group of Companies» раҳбариятининг Навоий вилоятига ишчи сафарини ташкил этиш бўйича бир тўхтамга келинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси