Logo

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик чуқурлашмоқда

Июнь 22, 2025. 13:18 • 52 сония

168
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик чуқурлашмоқда

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 22 июнь. /"Дунё" АА/. Германия Шарқий Европа иқтисодий алоқалар қўмитасига кўра, малакали ишчи кучи, хомашё, рақамлаштириш ва техник тартибга солиш каби бир қатор йўналишларда Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 "Малакали ишчилар, хомашё, инвестициялар ва стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни тартибга солувчи қатор икки томонлама келишувлар натижасида, бугун Германия бизнесининг Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга мамлакати билан алоқалари тобора кенг қамровли ва мустаҳкам бўлиб бормоқда", – дейди Иқтисодий алоқалар Шарқий қўмитаси бошқарувчи директори Михаэль Хармс.

Таъкидланишича, Дюссельдорф Савдо-саноат палатасида Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг (DUWIRAT) 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг 100 га яқин бизнес вакиллари иштирок этди. DUWIRAT– Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ривожлантириш мақсадида 2015 йилда ташкил этилган икки томонлама платформадир.

 Маълум қилинишича, Шарқий Европа иқтисодий алоқалар қўмитаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ўртасида техник стандартлар ва нормаларни уйғунлаштириш соҳасида ҳамкорлик келишуви имзоланган.

"Ушбу келишувдан кўзланган асосий мақсад норматив тўсиқларни камайтириш ва немис компанияларинининг Ўзбекистон бозорига киришини осонлаштиришдир", – дейилади қўмита хабарида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш