Logo

Куала-Лумпур шаҳрида Малайзиянинг ахборот технологиялари ва инновация бўйича етакчи университети билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Май 25, 2025. 14:36 • 56 сония

86
Куала-Лумпур шаҳрида Малайзиянинг ахборот технологиялари ва инновация бўйича етакчи университети билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

КУАЛА-ЛУМПУР, 25 май. /"Дунё" АА/. Тошкент вилояти ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Султанбеков бошчилигидаги делегация Малайзияга сафари давомида Куала-Лумпур шаҳридаги Осиё-Тинч океани технология ва инновация университети раҳбарияти билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашув давомида университет ректори Хо Чин Куан билан фан ва инновациялар соҳасида Ўзбекистон университетлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали билан автоматизация, механизация ва робототехника йўналишларида ҳамкорлик қилиш, таълимда сунъий интеллектни қўллаш бўйича қўшма дастурларни ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Олий таълим соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари, шунингдек, мазкур университетнинг киберхавфсизлик, молиявий мониторинг ва менежмент, маълумотларни бошқариш каби қатор соҳаларда реал вақт режимида талабалар иштирокида фаолият олиб бораётган рақамли технологияларнинг энг замонавий ускуналари билан жиҳозланган лабораториялари билан танишди.

Осиё-Тинч океани технология ва инновациялар университети 1993 йилда ташкил этилган. У Малайзия Рақамли иқтисодиёт корпорациясининг рақамли технологияларга ихтисослашган етакчи университети мақомига эга.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш