Logo

Буюк Британия парламентида Марказий Осиё билан ҳамкорликка бағишланган давра суҳбати ўтказилди

Февраль 16, 2026. 09:32 • 2 дақ

335
Буюк Британия парламентида Марказий Осиё билан ҳамкорликка бағишланган давра суҳбати ўтказилди

ЛОНДОН, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Буюк Британия парламентида Марказий Осиё бўйича партиялараро парламент гуруҳининг (“APPG”) учинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Стивен Даути, “APPG” вакиллари, Парламент Лордлар палатаси аъзолари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг Лондондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда Буюк Британия ТИВ раҳбари ўринбосари Стивен Даути Марказий Осиё давлатларининг халқаро сиёсат ва иқтисодиётдаги ўрни ортиб бораётганини таъкидлади. У Лондон минтақа давлатлари билан сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий муносабатлар, инвестициялар, таълим ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, “APPG”нинг Марказий Осиё бўйича ташкил этилиши, шунингдек, Буюк Британиянинг минтақа мамлакатлари ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лавозимининг жорий этилиши мамлакатнинг минтақага стратегик қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Бундан ташқари, парламент гуруҳи доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва парламентлараро мулоқотни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, сўзга чиққан томонлар ўз мамлакатларининг Буюк Британия билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.

Давра суҳбати иштирокчилари Янги Ўзбекистонда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, туризм, илмий ва академик салоҳияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Учрашув якунида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича амалий қадамларни жадаллаштириш мақсадида мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш