Ўзбекистон ва Польша ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Май 20, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 35БЕЛОСТОК, 20 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси делегациясининг Подляск воеводалигига амалга оширган ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳудудлараро ва иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида воевода Лукаш Прокорим иштирокида Дрохичин шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган грант лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди. Мазкур ташаббуслар Подляск ҳудуди бюджети ҳисобидан молиялаштирилади ва икки ҳудуд ўртасидаги амалий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Фарғона вилояти ва Подляск воеводалиги ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди. Унда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида делегация Польшадаги йирик саноат корхоналаридан бири – “AC S.A” компанияси фаолияти билан ҳам танишди. Компания президенти Павел Баранюк билан бўлиб ўтган музокараларда саноат кооперацияси ва инвестициявий шериклик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар “Samasz”, “INTERTECH”, “Equalan Pharma Europe”, “Mlekpol”, “POM Augustow”, “Enea Cieplo”, “Contractus” каби Польша компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.
“AC S.A” ва “Kokand Bicycles” компаниялари ҳамкорлигида Қўқон эркин иқтисодий зонаси ҳудудида автомобиллар учун суюлтирилган ва сиқилган табиий газ ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади.
Музокаралар жараёнида бир қатор муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, грант лойиҳаси доирасида 2026 йил июль ойида Нурафшон шаҳри ҳокимлиги, тадбиркорлар, фермерлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг Дрохичинга ташрифини ташкил этиш режалаштирилди.
Шу билан бирга, 2026 йил куз ойларида Подляск воеводалиги ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга амалий сафарини уюштириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси










