Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимлари Япония тажрибасини ўрганди
Июль 10, 2024. 09:49 • 2 дақ
• 168
ТОКИО, 10 июль. /"Дунё" АА/. Фарғона вилоятидаги мактабгача ва мактаб таълими тизимида фаолият юритаётган ходимлардан иборат делегация жорий йилнинг 28 июнь – 5 июль кунлари Японияда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида делегация аъзолари Токионинг Сугинами туманидаги "Коендзи гакуэн" бошланғич ва ўрта таълим мактабларида уч кун давомида малака оширди. Ўқувлар давомида улар аниқ ва табиий фанлар, математика, жисмоний тарбия, меҳнат ва санъат дарсларида бевосита иштирок этди ва япон педагоглари томонидан дарсларни олиб бориш жараёни, уларнинг болалар билан муносабатларини ўргандилар.
Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонасида Фарғона вилояти вакиллари учун қатор семинарлар ташкил қилинди. Хусусан, Токио халқаро япон тили марказида фаолият олиб борувчи, Японияда узоқ йиллардан бери истиқомат қилаётган ватандошимиз, филология фанлари доктори Феруза Норматова ва Токио префектураси таълим бошқармаси ходими, кўп йиллар давомида япон мактабларида директор лавозимида ишлаган, педагогика фанлари доктори Хидео Иджима иштирокида "Япония таълим тизими" мавзусида семинар ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Хачиодзи шаҳрида жойлашган Сока университетида бўлиб, мазкур университет ҳудудида 2004 йилда ўрнатилган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қуйдилар.
Шундан сўнг, университет президенти Масаши Сузуки билан алоҳида учрашув ташкил этилди. Унда Фарғона вилоятидаги япон тили бўйича ўқитувчиларга методик кўмак бериш ва уларнинг тажрибасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Фарғона вилояти Мактабгача мактаб таълими бошқармаси вакиллари Сугинами туманидаги "Наританиши" боғчаси тажрибасини ўргандилар.
2023 йилдан буён Фарғона вилоятидаги ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган битта мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этилмоқда. Ушбу дастурга икки нафар япон экспертлари жалб қилинган.
2024 йил ўқув йилидан бошлаб вилоятнинг 19 ҳудудидан яна 3 тадан мактаблар танлаб олиниб, уларда япон таълим тизими жорий қилиниши режалаштирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси