Logo

Карачи шаҳрида “Навоий вилояти – Синд провинцияси” бизнес-форуми ўтказилди

Апрель 30, 2026. 19:42 • 2 дақ

51
Карачи шаҳрида “Навоий вилояти – Синд провинцияси” бизнес-форуми ўтказилди
Карачи шаҳрида “Навоий вилояти – Синд провинцияси” бизнес-форуми ўтказилди
Карачи шаҳрида “Навоий вилояти – Синд провинцияси” бизнес-форуми ўтказилди
Карачи шаҳрида “Навоий вилояти – Синд провинцияси” бизнес-форуми ўтказилди

КАРАЧИ, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Навоий вилояти ҳокимлиги ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат мамлакатимиз делегациянинг Покистонга ташрифи доирасида Карачи шаҳрида “Навоий вилояти – Синд провинцияси” бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Форумда фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тери ва жунни қайта ишлаш, тўқимачилик ҳамда озиқ-овқат саноати соҳаларида фаолият юритаётган Покистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари, ишбилармон доира вакиллари ҳамда нуфузли тадбиркорлар иштирок этди.

Иқтисодий тадбирни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кириш нутқи билан очиб берди.

Элчи ўз нутқида икки давлат, хусусан, Навоий вилояти ва Синд провинцияси ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, у ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун устувор бўлган қатор йўналишларни қайд этди.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат мажмуаси, тўқимачилик ва тери саноати, қайта тикланувчи энергия манбалари, фармацевтика, туризм, логистика ва транспорт инфратузилмаси, омбор хўжалиги, таъминот занжирлари ҳамда минтақавий боғлиқликни ривожлантириш истиқболли ҳамкорлик соҳалари сифатида эътироф этилди.

Шунингдек ўқинг

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ўз чиқишида, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, саноат имкониятлари ва инвестиция муҳити ҳақида батафсил маълумот бериб, Покистон ишбилармон доиралари вакилларини вилоятга инвестиция киритишга ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чақирди.

Шундан сўнг, Навоий вилояти ҳокимлиги вакиллари томонидан ҳудуднинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда, жумладан, вилоятдаги эркин индустриал зоналарда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, фармацевтика, тери ва жунни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, тўқимачилик ҳамда қурилиш материаллари соҳаларидаги мавжуд имкониятлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбир давомида Покистон ишбилармон доиралари вакиллари томонидан инвестиция киритиш тартиблари, божхона расмийлаштируви, инвестиция кафолатлари, молиялаштириш манбалари, логистика ечимлари, ҳуқуқий база ҳамда бизнесни тартибга солувчи механизмларга оид қатор саволлар ўртага ташланди ва уларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида G2B ва B2B форматларида музокаралар ташкил этилди.

Музокаралар якунига кўра, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш