Logo

Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Малайзияда малака оширди

Май 30, 2025. 16:00 • 3 дақ

48
Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Малайзияда малака оширди

КУАЛА-ЛУМПУР, 30 май. /"Дунё" АА/. Тошкент давлат аграр университети, Ўзбекистон миллий педагогика университети ва Самарқанд давлат чет тиллари университетининг 25 нафар профессор ўқитувчилари жорий йилнинг 15-29 май кунлари Халқаро профессионал ривожланиш дастури доирасида Малайзияда малака ошириш курсларида иштирок этишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу дастур Малайзиянинг Султон Идрис номидаги педагогика университети (UPSI) томонидан ташкил этилиб, Халқаро мобиллик ва илғор таълим маркази профессор-тренерлари томонидан олиб борилди.

Икки ҳафта давом этган малака ошириш курсларида ўзбекистонлик мутахассислар замонавий педагогик технологиялар, янгича таълим методикалари, хусусан, ҳозирги сунъий интеллект ривожланаётган даврда таълимни самарали ташкил этиш, технологик ютуқлар ҳамда ижтимоий тармоқлардан таълим жараёнида кенг фойдаланиш, шунингдек, ўқитувчи ва талаба ўртасида соғлом муносабатларни шакллантириш бўйича янги билим ва кўникмаларга эга бўлишди.

Тренинглар якунида UPSI университети ректори Муҳаммад Амин Тафф, Халқаро мобиллик ва илғор таълим маркази директори Рамли бин Исмаил ва Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси иштирокида ўзбекистонлик профессор ўқитувчиларга UPSI университетининг малака сертификатларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

UPSI университети ва ўзбек профессор ўқитувчилари ўртасида келажакда илғор тажриба ва инновацион методикалар алмашиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Малайзияда малака оширган профессор-ўқитувчиларимиз малака ошириш курслари давомида олинган билим ва кўникмаларни келгусида ўқув жараёнларида кенг қўллаш орқали мамлакатимиз келажаги бўлган билимли ёш мутахассисларни тайёрлашда ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Норпошшахон Вохидова, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети профессори, педагогика фанлари доктори:

– Мен Малайзиянинг Султон Идрис номидаги педагогика университетига 15-29 май кунлари малака ошириш курсида иштирок этиш учун келдим.

Ушбу малака ошириш курсида мазкур университет профессор-ўқитувчилари томонидан бугунги кунда шахсга йўналтирилган таълим, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг янги имкониятларини ўргандик.

Бу жараёнда малайзиялик профессор-ўқитувчилар билан тажриба алмашдик. Малайзияда олган янги билимларимизни ўз университетимизга бориб, Янги Ўзбекистон қурувчилари бўлган ёшларимизга етказамиз.

Лайло Холиқова, Самарқанд давлат чет тиллари институти доценти:

– Мен методика бўйича дарс бераман. Бу ерга ҳам янги ўқитиш методикаларини ўзлаштириш учун келдим. Малайзиялик профессор-ўқитувчилардан кўплаб методларни ўргандик ва бу бизга жуда ҳам қўл келади деган умиддаман. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимизнинг бошланиши, келажакда биз кўплар самарали лойиҳаларни давом эттирамиз.

Нилуфар Байханова, Тошкент давлат аграр университетининг инглиз тили ўқитувчиси:

– Биз Малайзияда икки ҳафталик Ўзбекистон ўқитувчилари учун мўлжалланган халқаро малака ошириш курсларида ўқидик. Бу курс давомида биз Малайзиялик профессор-ўқитувчилардан замонавий ўқитиш методикаси, педагогик технологиялар ёрдамида дарс олиб бориш жараёнларини ўргандик. Биз ушбу малака ва кўникмаларимизни ўз олий таълим муассасаларимизда албатта қўллаймиз.

Гулчехра Ходжаева, Тошкент давлат аграр университетининг катта ўқитувчиси:

– Биз Куала-Лумпур шаҳрига 144 соатлик малака ошириш курсида қатнашдик. Курс давомида биз педагогика соҳасида жуда фойдали бўлган ўқитувчи ва талабалар ўртасидаги тушунмовчиликлар ва уларни ҳал қилиш йўллари, замонавий технологиялардан таълимда унумли фойдаланиш йўлларини ўргандик. Албатта, бу биз учун жуда фойдали бўлди. Келажакда биз олган билимларимизни талабаларимиз билан биргаликда яхши натижаларга эришиш йўлида қўлламоқчимиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш