Саксония-Анҳальт федерал ўлкаси Ландтаги президенти: Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз ўз мевасини бермоқда
Август 14, 2024. 11:34 • 3 дақ
• 244
БЕРЛИН, 14 август. /"Дунё" АА/. Саксония-Анҳальт федерал ўлкасидаги малака ошириш марказида бир гуруҳ ўзбекистонлик немис тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон-Германия тажриба лойиҳасининг расмий очилиши бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов, Саксония-Анҳальт федерал ўлкаси Ландтаги (парламенти) президенти Гуннар Шелленбергер, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар ҳамкорлиги (DUWK) бюроси раҳбари Набижон Қосимов, лойиҳа ҳамкорлари ва немис тили ўқитувчилари қатнашдилар.
Дипломатик ваколатхона раҳбари Дилшод Ахатов ўз нутқида касбий таълим йўналишида хорижий тилларни ўқитиш жараёнида инновацион методларни кенг қўллаш, ўқувчиларнинг тил кўникмаларини яхшилаш ҳамда таълим олаётган ёшларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилаётганлигини қайд этди.
Саксония-Анҳальт федерал ўлкаси Ландтаги президенти Гуннар Шелленбергер мамлакатимиз ўқитувчилари Германияда малака оширганларидан сўнг, Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга интилаётган ёшларга янада самарали таълим беришларига муваффақият тилади. Немис томони ўзбекистонлик педагогларнинг ушбу мақсадларига эришишлари учун зарур шарт-шароитларни яратилишини билдирди.
Гуннар Шелленбергер, Саксония-Анҳальт федерал ўлкаси Ландтаги президенти:
— Германия-Ўзбекистон форумининг президенти сифатида Саксония-Анҳальтда бўлиб ўтган ушбу тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман.
28 нафар немис тили ўқитувчиларининг Ўзбекистондан мазкур федерал ўлкага ташриф буюрганликлари ҳамкорлигимизнинг яққол намунаси бўлди.
Ўқитувчилар сентябрь ойининг охирига қадар ўз билим ва кўникмаларини оширадилар. Октябрь ойидан бошлаб эса ўзбекистонлик ёшларга немис тилини ўргатишни бошлайдилар. Ўзбек томонининг "Askania Future GmbH" компанияси билан узоқ муддатли шартнома тузгани эътирофга лойиқ. Бу ҳамкорлик икки давлат учун ҳам самарали бўлади.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, мамлакатингиздаги ҳамкорларимиз билан биргаликда мазкур йирик лойиҳани қисқа муддатда муваффақиятли бошлаганимиздан жуда мамнунмиз.
Инго Юнг, "Askania Future GmbH" компанияси менежери:
— Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади ўзбекистонлик ёшларга немис тилини ўргатиш орқали Германияда касбий таълим олишларига йўл очишдир.
Бунинг учун, авваламбор, немис тили ўқитувчилари немис халқининг менталитети ва миллий қадриятлари билан танишишлари, энг замонавий хорижий тилларни ўқитиш методикасини пухта ўрганишлари керак. Лойиҳани замонавий дарсликлар ва энг сўнгги методлар асосида амалга оширишни режалаштирганмиз. Мамлакатингиз ўқитувчилари ўзлари жойлашган марказда семинар ўтказиб, ўқув курсларида малака оширадилар.
Маданий дастур доирасида Берлин, Магдебург ва Лейпциг шаҳарларига сафар уюштирилади. Лойиҳанинг пировард мақсади кейинги беш йилликда 20 минг нафар ўзбекистонлик ёшларга немис тилини пухта ўргатишдир.
Жасур Каримов, немис тили ўқитувчиси:
— Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида республикамиз ҳудудларидан саралаб олинган немис тили ўқитувчилари учун ГФРнинг Саксония-Анхальт федерал ўлкасида малака ошириш курслари ташкил этилди.
Курс давомида ўқитиш методикаси, дарсликлар билан ишлаш малакасини шакллантирилиши, дидактик материаллар, керакли билим ва кўникмалар берилиши кўзда тутилган. Лойиҳада асосан 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларга билим бериш орқали Германия шароитида касбий таълимга тайёрлаш мақсад қилинган. Асосий вазифамиз ёшларимизнинг Германияда касбий таълимни амалга оширишлари учун уларни қўллаб-қувватлаш, олган тажрибаларимиз асосида уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатишдан иборатдир.
Дилфуза Латипова, немис тили ўқитувчиси:
— Бу тажриба лойиҳаси бўлишига қарамасдан тайёргарликлар жуда юқори савияда ташкиллаштирилган. Ҳар куни 8 соат давомида нафақат немис тилига оид билимларимизни янада яхшилаш, такомиллаштириш, балки ўқитишга оид дидактик методик малакамиз ва педагогик маҳоратимизни оширяпмиз, ўзаро тажриба алмашяпмиз.
Курсимизга немис тилшунослари, педагоглари ва мутахассислар жалб қилинган. Биз келгусида ўзбек ёшларига нафақат тил кўникмалари, балки уларга Германияга юксак маданиятимиз, меҳнаткаш ва иродали, ўз ишини пухта биладиган мутахассис сифатида келишларига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди