Logo

Ростов вилояти Жанубий федерал университетида Ўзбекистон-Россия муносабатларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Апрель 27, 2025. 11:34 • 2 дақ

51
Ростов вилояти Жанубий федерал университетида Ўзбекистон-Россия муносабатларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди

РОСТОВ, 27 апрель. /"Дунё" АА/. Ростов вилояти Жанубий федерал университетида "Ўзбекистон–Россия: тарихий ва замонавий ҳамкорлик сарҳадлари" мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Россия Президентининг Жанубий федерал округдаги ваколатли вакили ўринбосари Владимир Гурба, ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг Ростовдаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Харченко, Жанубий федерал университети раҳбарияти ва талабалари, шунингдек Ўзбекистон олий таълим муассасалари вакиллари (онлайн тарзда) иштирок этишди.

Владимир Гурба тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлигини эътироф этди. "Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси Россия билан алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, таълим соҳасидаги алоқалар кейинги йилларда анча кенгайди. Жанубий федерал округ ҳудудидаги олий таълим муассасаларида бугунги кунда 734 нафар ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олаяпти. Бу икки мамлакат ўртасидаги таълим соҳасидаги конструктив алоқаларининг нечоғли мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолат беради", деди у.

 Мамлакатимиз бош консули Бурхон Алиқулов ўз навбатида, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари тўғрисида сўз юритди. Икки мамлакат олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларга эътибор қаратилди.

Жанубий федерал университети Евроосиё тадқиқотлар маркази раҳбари Лариса Хоперскаянинг таъкидлашича, Ўзбекистон ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги иштироки орқали ўзининг прагматик ташаббусларини фаол илгари суряпти.

Фанлараро таълим ва иберо-америка тадқиқотлари халқаро институти директори Наталья Карповская Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг маданий жиҳатларига тўхталди. Икки мамлакат ҳудудларида ўзбек ва рус маданияти кунларини тизимли ташкил этилиши керак", деди у.

Анжуман давомида, шунингдек, Альфраганус университети, Ренессанс таълим университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчиларнинг мавзуга оид маърузалари тингланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш