2024 йил март ойидан Қатар авиакомпаниясининг Доҳа-Тошкент-Доҳа йўналиши бўйича парвозларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда
Октябрь 26, 2023. 09:45 • 2 дақ
• 130
ТОШКЕНТ, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов ва Қатар транспорт вазири ўринбосари Ҳамад Исо Абдулло Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарига кўра, Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишда Қатар иштирокини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди. Учрашув давомида мазкур лойиҳа юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ вакиллари иштирокида тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, фуқаро авиацияси соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Qatar Airways» авиакомпаниясининг Доҳа–Тошкент–Доҳа йўналиши бўйича парвозларини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.
Қатар томони ҳозирда ички тартиб-қоидалар тугалланаётгани ва бу йўналишдаги парвозлар 2024 йил март ойи охиридан йўлга қўйилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Сурат Ўзбекистон Транспорт вазирлиги сайтидан олинди
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси