ЮНЕСКО билан Бухородаги “Пойи Калон”ни реставрация қилиш бўйича мулоқот бўлиб ўтди
Май 15, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 135ПАРИЖ, 15 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси вакиллари Жаҳон мероси маркази директори Лазар Элунду Ассомо ҳамда “CRATerre” ассоциацияси вакили, мерос объектларини сақлаш бўйича эксперт-архитектор Себастьен Моризе билан онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги вакиллари Бухородаги “Пойи Калон” меъморий мажмуасини реставрация қилиш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди. Ушбу мажмуа “Бухоронинг тарихий маркази” номли Жаҳон мероси объектининг таркибий қисми ҳисобланади.
ЮНЕСКО Жаҳон мероси маркази директори Лазар Элунду Ассомо Ўзбекистоннинг маданий меросни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Шунингдек, у мамлакатда ноёб маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш бўйича амалга оширилаётган амалий ишларга ижобий баҳо берди.
У сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО Жаҳон мероси маркази ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланиб бораётганини, бу эса турли янги ташаббуслар орқали янада кенгаётганини таъкидлади.
Учрашувда “CRATerre” вакиллари ҳам “Пойи Калон”ни реставрация қилиш бўйича лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди. Бу жараёнда халқаро илғор тажриба ва замонавий усуллардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Томонлар ушбу меъморий мажмуанинг тарихий ва маданий аҳамияти жуда юқори эканини инобатга олиб, ушбу лойиҳа халқаро ҳамкорликнинг намунавий амалиёти бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Шунингдек, “Пойи Калон”ни узоқ муддатли сақлаш мақсадида комплекс кўп йиллик консервация режасини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Бу жараёнга маҳаллий мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, уларнинг реставрация, консервация ва маданий меросни бошқариш соҳаларидаги малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Суҳбат давомида “CRATerre” ва ЮНЕСКО Жаҳон мероси маркази вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи бўйича дастлабки келишувга эришилди. Ташриф доирасида меҳмонлар “Пойи Калон”нинг ҳолатини жойида ўрганиб чиқади, маҳаллий мутахассислар билан маслаҳатлашади, кадрлар тайёрлаш тизими билан танишади ҳамда лойиҳа тафсилотларини батафсил муҳокама қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






