Самарқанд ва Челябинск вилоятлари раҳбарлари қатор соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар
Июль 05, 2024. 08:20 • 2 дақ
• 141
ЧЕЛЯБИНСК, 5 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Россиянинг Челябинск вилоятига хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Челябинск вилоят губернатори Алексей Текслер ва Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар саноат, туризм ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Алексей Текслер Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг ўзаро ишончли стратегик мулоқотлари туфайли икки давлат ўртасидаги муносабатлар барқарорликни намоён этиб, фаол ривожланиб бораётганини таъкидлади. Челябинск вилояти Россиянинг барча ҳудудлари орасида Ўзбекистонга хом ашё ва энергия ресурслари бўлмаган маҳсулотлар экспорт ҳажми бўйича Москвадан кейин иккинчи ўринда туриши таъкидланди. Шунингдек, Жанубий Уралда тўққиз мингдан ортиқ саноат корхоналари фаолият юритаётгани, ҳудудда автомобилсозлик саноати жадал ривожланаётгани ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда етакчи эканлиги қайд этилди.
Челябинск вилоят губернатори енгил саноат соҳасида мато ва аксессуарлар етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, сайёҳлик йўналишига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Челябинск ва Самарқанд ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятлари бўйича фикр алмашилди.
Томонлар Челябинск ва Самарқанд вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик шартномасини имзолаш тўғрисида келишиб олдилар.
Бундан ташқари, самарқандлик тадбиркорлар ва маҳаллий ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида "B2B" форматидаги учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар якунида икки томонлама савдо-иқтисодий шерикликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор битимлар имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Сербия пойтахтлари ўртасида ҳамкорлик янада ривожлантирилади
Туркий давлатлар дезинформацияга қарши биргаликда курашади
БАА Адлия вазирлигининг одил судловни амалга ошириш тажрибаси ўрганилди