Сеулда муҳим минераллар бўйича Ўзбекистон-Жанубий Корея бизнес-форуми бўлиб ўтди
Январ 29, 2025. 03:16 • 3 дақ
• 192
СЕУЛ, 29 январь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, "Ўзбекистон технологик металлар заводи" АЖ, "Ўзкимёсаноат" АЖ ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши вакилларидан иборат делегациянинг Жанубий Кореяга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида мамлакатимиз делегацияси Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган муҳим фойдали қазилмалар бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форумида иштирок этди.
Унда "LG Ensol", "Samsung SDI", "SK On", "Posco", "TaeguTech", "KHNP", "KOMIR", "LX International", "KCC Corporation", "EcoBio" сингари йигирмадан ортиқ йирик компаниялар ҳамда Корея саноат технологиялари институти (KITECH), Корея геология ва минерал ресурслар институти (KIGAM) ва бошқалар қатнашди.
Ўзбекистон вакиллари ўз маърузаларида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, шунингдек, геология, металлургия ва кимё саноати соҳаларидаги аниқ лойиҳалар ҳақида сўзлаб беришди.
Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси маълумотига кўра, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ли Хохён билан мулоқотда Ўзбекистон – Корея Республикаси нодир металлар илмий-технологик маркази илмий ишланмаларини тижоратлаштириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Литий, вольфрам, молибден, ноёб тупроқ металлари ва истиқболли уран конларида уларни ўзлаштириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида Жанубий Корея компаниялари билан биргаликда геологик тадқиқотлар ўтказиш учун Корея Республикаси молиявий ва техник кўмагини жалб этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг KIGAM институти ва Корея конларни ва минерал ресурсларни қайта тиклаш корпорацияси (KOMIR) билан геологик ресурслар ва георисклар бўйича геоахборот маълумотларини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш бўйича грант лойиҳаси натижалари таҳлил қилинди. 2025 йилга мўлжалланган режалар, жумладан, муҳим минерал ресурсларга эга истиқболли ҳудудларни биргаликда қидириш ва уларни ўзлаштириш учун инвесторларни жалб қилиш бўйича режалар келишиб олинди.
Жанубий Корея компаниялари билан ўтказилган икки томонлама музокараларда Ўзбекистонда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, "NEW&NEW" компанияси билан биргаликда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, "Kumho P&B Chemicals" ва "Lotte Chemical" компаниялари билан билан кимё маҳсулотлари, "KCC Corporation" билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, "EcoBio" билан чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш, шунингдек, "Shindong Resources" билан "Саутбай" вольфрам конини ўзлаштириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Жанубий Кореянинг Кимёвий менежмент ассоциацияси билан мамлакатимиз саноат салоҳияти билан танишиш учун йирик кимё компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Ташриф якунлари бўйича Корея Республикаси Геологлар жамияти билан геология соҳасида кадрлар тайёрлаш йўналида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида етказиб бериш занжирларини йўлга қўйиш бўйича қўшма юқори даражадаги мулоқот ўтказиш ҳамда муҳим фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ тадбирлар, янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш механизмлари бўйича "йўл харитаси" имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди