Logo

Сирдарё вилояти делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди

Февраль 19, 2026. 12:51 • 3 дақ

142
Сирдарё вилояти делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди

ҚОБУЛ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги, Савдо ва инвестициялар палатаси кўмагида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Қобулга ташрифи амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Сирдарё вилояти расмий делегациясини Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий қабул қилиб, халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталари, муштарак миллий урф-одатларимиз ва тадбиркорларнинг ҳамкорлик алоқаларини алоҳида таъкидлади. 

Нуриддин Азизий 2025 йил июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви учун 15 дақиқа вақт белгиланган бўлса-да, у киши билан Афғонистондаги вазият хусусида 45 дақиқа мулоқот ўтказилганини мамнуният билан эслади.    

Унинг таъкидлашича, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва интилишлари узоқ тарихга эга яқин қўшничилик, мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Мулоқот давомида ҳамкорликни ҳозирги ҳолати ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга йўналтирилган янги йўналишлар бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, Сирдарё вилоятида Ўзбекистон–Афғонистон тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ва B2B шаклида учрашувлар ташкил этиш, икки давлат ўртасида имзоланган имтиёзли савдо битимини амалда тадбиқ этиш, инвестицияларни ҳимоя қилиш ва Хайратон саноат кооперация марказини ташкил этиш бўйича битимларни имзолашни тезлаштириш масалаларида фикр-мулоҳаза алмашилди.

Шу билан бирга, юртимиздан Афғонистонга текстиль, фармацевтика, электротехника асбоб-ускуналари экспортини кўпайтириш, Ўзбекистонга кўмир, гўшт маҳсулотлари импортини амалга ошириш бўйича тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, вазир “Айритом” чегара-божхона постида юк автомашиналари ўтишини осонлаштириш бўйича икки мамлакат ҳукумат вакиллари билан биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

Ташриф доирасида ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Эркинжон Турдимов Қобул вилояти ҳокими Аминуллоҳ Убайд билан учрашди.

Суҳбатдошга Сирдарё вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестицион имкониятлари, логистика марказлари, географик жойлашуви ҳақида маълумот берилди.

Афғонистонга озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, фармацевтика ва электротехника маҳсулотларини етказиб бериш учун кенг имконият мавжудлиги маълум қилинди.

Мулоқотда Қобул вилояти ҳокими Ўзбекистон ва Афғонистон халқларини асрлар давомида тарихий, маданий ва савдо ришталари боғлаб келганини таъкидлади.

Суҳбат жараёнида икки вилоят ўртасидаги дўстлик ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда керакли чора-тадбирлар амалга оширилиши таъкидланди.

Икки томонлама савдо-саноат, логистика ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Эркинжон Турдимов Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси Саид Карим Ҳошимий билан ҳам учрашув ўтказди.

Мулоқот жараёнида Қобул, Ҳирот ва Қандахор вилоятларида Сирдарё вилояти “Савдо уйи”ни ташкил этиш, Афғонистонда металл рудасини қайта ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, Саид Карим Ҳошимий бошчилигида афғон тадбиркорлари делегациясининг Сирдарё вилоятига ташрифини ташкиллаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Сирдарё вилояти делегация “Қобул экспо” марказида ташкил этилган саноат маҳсулотлари кўргазмасида афғон тадбиркорлари билан турли учрашувлар ўтказди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш