Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алоқалар кенгаймоқда
Апрель 25, 2025. 12:34 • 54 сония
• 123
ДУБАЙ, 28 апрель. /"Дунё" АА/. Тошкент давлат педагогика университети делегацияси Бирлашган Араб Амирликларида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон вакиллари сафар давомида Шаржа университетида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди. Шунингдек, Тошкент давлат педагогика университети делегацияси Шаржа университети раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида икки томон ўртасида хорижий тилларни ўрганишнинг методик асосларини такомиллаштириш, мазкур олий ўқув даргоҳлари ўртасида қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, илмий-маданий соҳаларда турли дастурларни йўлга қўйиш бўйича фикрлар алмашилди.
Ҳамкорликни ривожлантиришда мавжуд илмий салоҳият ва моддий-техник база имкониятлардан фойдаланиш ҳамда илмий инновацион инфратузилмани ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Шаржа университети профессор-ўқитувчилари иштирокида Тошкент давлат педагогика университети талабаларига онлайн ўқув дарслар ва семинарлар ўтказиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Тошкент давлат педагогика университети вакиллари Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари билан ҳам учрашдилар. Унда Ўзбекистон ва БАА ўртасида таълим соҳасини янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини такомиллаштириш, илмий интеллектуал соҳада тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш, талабалар алмашинуви ва қўшма дастурларни шакллантириш ҳамда қисқа муддатли илмий амалиётлар уюштириш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди