Ўзбекистон ва Беларусь туризм тузилмалари ўртасида 2026-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик чора-тадбирлари бўйича "йўл харитаси" имзоланди
Сентябрь 03, 2025. 17:59 • 2 дақ
• 202
ТОШКЕНТ, 3 сентябрь. /"Дунё" АА/. Витебск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форуми доирасида "Ўзбекистон ва Беларусь: туризм соҳасида бизнес-ҳамкорлик" мавзусида секция йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, уюшмалари ва сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Секция иши давомида иштирокчилар туризм соҳасини барқарор ва ўзаро манфаатли ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларида тажриба алмашди.
Шунингдек, халқаро бозорларда қўшма сайёҳлик маҳсулотларини реализация қилиш, ихтисослашган таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш, шу жумладан ягона туристик ахборот-таҳлилий портал яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларида маданий-тарихий йўналишларни, шунингдек, Беларуснинг диққатга сазовор жойлари ва ўзига хос йўналишларибини очиб беришга қаратилган сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Секция йиғилиши якунида Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ва Беларусь Туризм саноати республика иттифоқи ўртасида Туризм соҳасида 2026-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик чора-тадбирлари бўйича "йўл харитаси" имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси