Logo

Ўзбекистон ва Исроил олий таълим муассасалари истиқболлари муҳокама қилинди

Январ 29, 2026. 16:32 • 1 дақ

107
Ўзбекистон ва Исроил олий таълим муассасалари истиқболлари муҳокама қилинди

ТЕЛЬ-АВИВ, 29 январь. /“Дунё” АА/. Исроилнинг Бар-Илан университети раҳбарияти ва юртимизнинг қатор олийгоҳлари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, дея хабар қилади “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат жараёнида Бар-Илан университети вице-президенти, профессор Зеев Залевский бошчилигидаги исроиллик педагоглар Бухоро давлат, Самарқанд давлат, Ўзбекистон Миллий, Наманган давлат техника, Бухоро давлат техника, Фарғона давлат технология университетлари, “Cyber University” ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати муҳандислик мактаби раҳбарияти билан фикр-мулоҳаза алмашди.

Мулоқот чоғида юртимиз олий ўқув юртлари вакиллари ўз университетлари ҳақида маълумот берди. Исроилдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди. Киберхавфсизлик, сунъий интеллект, муҳандислик ва амалий фанлар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, профессор Зеев Залевский академик тадқиқотларни юқори технологияли тармоқлар эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга қаратилган “Industrial PhD дастури” концепциясини тақдим этди.

Таклиф этилаётган моделга кўра, докторантлар Ўзбекистонда таълим олиши, ихтисослашган компанияларда ишлаши ва бир вақтнинг ўзида Бар-Илан университети ва Ўзбекистон олий ўқув юртларидан илмий раҳбарликдан ўтиши мумкин. Ушбу ёндашув ўқишни тугатгандан сўнг, дарҳол амалий фаолиятга тайёр бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш имконини бериши таъкидланди.

Суҳбат давомида қўшма илмий раҳбарлик, докторантура дастурларини молиялаштириш, академик мобиллик ва Ўзбекистонда кибертаълимни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш