Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
Апрель 12, 2026. 12:53 • 58 сония
• 112
БУДАПЕШТ, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Дипломатик академия ҳамда Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик академия вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги академик ҳамкорликни кенгайтириш, дипломатик кадрларни тайёрлаш соҳасида тажриба ва амалиёт алмашиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар қатор қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини таъкидлади. Хусусан, таълим дастурларини ривожлантириш, ўқув материалларини алмашиш, қўшма семинар ва илмий тадқиқотлар ташкил этиш ҳамда академияларнинг профессор-ўқитувчилари учун танишув ташрифлари ва стажировкалар имкониятларини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик руҳига тўла мос келиб, дипломатик таълим сифатини оширишда муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси